Ҳиндистонлик воиз айбсизлигини даъво қилди

Ҳиндистонлик воиз айбсизлигини даъво қилди

Маълумки, Ҳиндистон шимолида 2 июль куни ўтказилган диний йиғин чоғида оломоннинг тартибсиз ҳаракати туфайли юздан ортиқ одам, асосан аёллар ва болалар нобуд бўлди. Маросимни бошқарган нотиқ ўзига қўйилган айбловни рад этмоқда. Бу ҳақда BBС ёзди.

Халқ орасида Бхоле Баба номи билан танилган Нараян Сакар Вишва Хари ушбу ҳодисада айби йўқлигини айтиб, полиция билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.

Ҳинд халқи сўнгги йилларда бошдан кечирган энг қонли воқеалардан бири ҳисобланган ушбу офат Ҳиндистоннинг энг гавжум Уттар-Прадеш штати Мугҳал Гархи қишлоғида юз берган. Бу қишлоқ пойтахт Нью-Деҳлидан 200 километр жануби-шарқда жойлашган.

Маълум бўлишича, оломон диндорлар орасида “satsang” номи билан машҳур ибодатни ўтказиш учун тўпланган. Талотўп жуда кўп одам маҳаллий воизнинг оёғини “тавоф қилиш”га шошилгандан кейин бошланган.

Манбаларга кўра, камида 116 киши, жумладан 108 аёл ва етти нафар бола ҳаётдан кўз юмди. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораси вакили айтишича, ҳозиргача 72 марҳумнинг шахси аниқланган. Ўнлаб яраланганлар яқин атрофдаги шифохоналарда даволанмоқда.

Расмийлар тадбир ташкилотчиларини қўйилган талабларни бажармаганликда айбламоқда. Айни дам ҳодиса билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш учун суриштирув олиб бориляпти.

Таъкидлаш жоиз, Ҳиндистондаги диний йиғинларда одамлар шу тарзда фожиали ўлим топиши янгилик эмас. Масалан, 2008 йил мамлакат ғарбида уюштирилган диний тадбирда 150 нафар, уч йил аввал Махараштра штатида зиёрат пайти 250 дан зиёд инсон ҳалок бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!