ДХХ Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида 310 метрли ноқонуний туннелни аниқлади

ДХХ Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида 310 метрли ноқонуний туннелни аниқлади

Қайд этилишича, ДХХ ходимлари Чегара қўшинлари ва “Тошкент-Аэро” ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбирда Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдордаги, сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари Деҳли—Тошкент—Олмаота авиайўналиши орқали транзит тарзда “Олмаота” халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙ ҳудудига ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 миллиард 94 миллион сўмлик Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Албумин, Ремдесивир, Меропенем каби жами 107 номдаги 17 048 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Таъкидланишича, 49 ёшли фуқаронинг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙдаги уйини Қозоғистоннинг Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пункти билан боғловчи ерости йўлининг узунлиги 310 метрни ташкил этади. Ерости йўли ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил май ойида Қорасув туманида Қирғизистон ва Ўзбекистонни ерости йўли орқали боғлаб турувчи туннел топилгани хабар қилинганди.

Ушбу туннел аниқланган ҳудуд эгаси Жалолобод туманининг “Қизилжар” посёлкасидаги руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётгани сабаб унга нисбатан қайта тиббий текширув ўтказиш режалаштирилган.

7 июнь куни ҳам Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Ўзбекистон билан чегарада 155 метрлик ерости туннели аниқланган. 13 июнь куни эса учинчи туннел ҳам топилган.

У орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга валюта ва товарлар олиб ўтиш режалаштирилган.

Қирғизистон томонининг маълум қилишича, ҳозирда тергов давом этмоқда. Ўзбекистон томони эса яширин туннеллар қазиган шахсларга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берганди.

Уларга 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!