Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳ фош бўлди

Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳ фош бўлди

Фарғонада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўшни давлатдан контрабанда йўли билан ўтказилган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи бўлган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Акмал Юсупов бир неча бор судланиб, қамоқда ўтирган бўлсада, ҳаётда ўз йўлини топа олмади. Осонгина пул топишни ўйлаб, ўз атрофига бир неча ҳамтовоқларини йиғди. Тожикистонда яшовчи бошқа шахсларга “гашиш” гиёҳвандлик воситасини буюртма қилиб, уни айланма йўллар орқали олиб ўтишни режалаштирган. Фарғона шаҳрига ташиб келтирилган гиёҳвандлик моддасини яшаш хонадонида сақлаб, уни бир қисмини дастлабки терговда аниқлашни имкони бўлмаган шахсларга сотган. Қолган қисмини миқдорини ошириш мақсадида Т.Расулов ва А.Солиевлар билан қайта ишлаб, тайёр соф вазни 21,579 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш учун А.Юсуповнинг уйига яширган.

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Тожикистон Республикасида яшовчи бошқа шахс билан гаплашиб, пулини кейин бериш эвазига 3 килограммдан ортиқ бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиб олишга келишган. Контрабанда йўли билан олиб ўтилган “юк”ни уйига олиб келиб, бир бўлагини қолдиради. Олти бўлак гиёҳвандлик моддасини бошқа шахсга етказиб бериш учун О.Тошбоевга топширган. У 2186 грамм “гашиш”ни автомашинасининг хуфиёна жойига яшириб, Тошкент шаҳрига йўлга чиқади.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур гиёҳвандлик воситаси фош этилди. Тадбирлар давомида А.Юсуповнинг ҳам қабиҳ ишларига чек қўйилди.Унинг яшаш хонадонидан 7,01 грамм “опий”, 0,63 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, расмийлаштирилиб олинди. Шунингдек, А.Солиев Қирғиз Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали олиб ўтиб, унинг савдоси билан шуғуллангани маълум бўлди.

Суд ҳукмига кўра, А.Юсупов ўта хавфли рецидивист деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг шериклари А.Солиевга 15 йил, Т.Расуловга 14 йил 6 ой, О.Тошбоевга 14 йил муддат озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!