Видео: Андижонлик фуқаро ИИБ ходими томонидан аёвсиз калтакланди

Видео: Андижонлик фуқаро ИИБ ходими томонидан аёвсиз калтакланди

Андижонлик фуқаро ИИБ ходими томонидан аёвсиз калтакланди. 6 киши ёрдами билан ходим қўлидан зўрға қутулиб қолди. Адолат истаб прокуратурага мурожаат қилса, ўзига қарши жиноят иши очилди.

Мазкур адолатсизликлар ҳақида «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасуловга сўзлаб берган Жасурбек Ҳамроқулов воқеа 2019 йил 11 сентябрь куни содир бўлганини айтди.

Жасурбек Ҳамроқулов
Фото: Дилмурод Ҳамроқулов

Маълум қилинишича, андижонлик Жасурбек Ҳамроқулов Андижон шаҳар 6-сон ИИБ профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов томонидан ИИБ биносида калтакланган.

«Дарё»га тақдим этилган видеодан англашилишича, Жасурбек Ҳамроқулов ИИБ биносига олиб келингач, 2 нафар ИИБ ходими ва 4 нафар фуқаро кўз ўнгида калтакланган. Видеода ходим қўлидан зўрға ажратиб олинган Жасурбек Ҳамроқуловнинг аҳволи яхши эмаслиги кўриниб турибди.

— Бўлинмага келганимизда ортимиздан укам ва турмуш ўртоғим ҳам етиб келди. Хотиним аҳволимни кўриб, бақириб йиғларди, — дейди Жасурбек Ҳамроқулов. — Мен унга прокуратурадан, вилоят ИИБ бошқармасидан ходимлар чақиришини, Сардор мени қандай аҳволга солганини кўришларини айтиб жўнатиб юбордим. Укам эса менга ёрдам берарди.

Жасурбек Ҳамроқуловнинг айтишича, ИИБ биносида калтакланган пайт бурни синган.

— Бўлинмага борганимизда бўлинма навбатчиси чиқди. У танишим Рустам ака экан. «Жасурбек, нима гап, тинчликми?», деди. «Рустам ака, мана бу ходимларингиз форма кийиб олгани учун ўзини босолмай қолибди, мени урганига жавоб беради», деб турган эдим. Сардор ёнимизга келиб «Сен билан мана энди шу ерда гаплашамиз», деб чеккага, Damas’нинг орқасига судраб олиб ўтди. Аввал юзимга, кейин тагига босиб олиб урди. Рустам ака ва шу ерда турганлар бир амаллаб ажратиб олди. Бу пайтда менинг бурним синиб, тинмасдан қон оқарди. Менга ИИБ биносидан стул олиб келиб ўтқизишди, шунда кўп қон йўқотганимгами ёки берилган зарбалар оқибатидами, ўзимни тутолмай стулдан йиқилиб тушдим. Тез тиббий ёрдам ходимлари келиб, менга бўлинма ичкарисида ёрдам кўрсатишди. Бироз ўзимга келганимдан сўнг ташқарига чиқдим. Бу пайтда Андижон шаҳар прокуратураси ҳамда ИИБ бошқармасидан ходимлар келиб, воқеа ҳақида суриштиришаётган экан.

Жасурбек Ҳамроқулов
Фото: Дилмурод Ҳамроқулов

Мурожаатчининг таъкидлашича, мазкур видеоёзув ИИБ биносидаги кузатув камералари орқали ёзиб олинган.

— Эшикдан чиқаётганимда ходимлар видеоёзувни биров кўрмасидан ўчириб юбориш кераклиги ҳақида суҳбатлашаётганди. Уларга агарда ёзувларни ўчириб юборишса, қонун олдида жавоб беришларини айтдим, — дейди Жасурбек Ҳамроқулов.

Жасурбек Ҳамроқуловнинг маълумот беришича, воқеа содир бўлган куни у спиртли ичимлик таъсирида бўлган.

— 2019 йилнинг 11 сентябрь куни Spark русумли автомашинамда оила аъзоларим билан танишимнинг туғилган кунини нишонлаш учун Андижон шаҳридаги кафега бордик. Байрам чиройли ўтди. Чамаси соат 21:30 ларда тарқаладиган бўлдик. Спиртли ичимлик ичганим учун бизни олиб кетиш учун укам Дилмурод келди. Биз билан бир даврада Малоҳат исмли ёш болали аёл ҳам ўтирган эди. Кетаётганимизда Малоҳат уйига ташлаб ўтишимизни илтимос қилди. Уни ҳам олиб бироз юрганимиздан сўнг, телефони кафеда қолганини айтди. Ортга қайтдик. Қўлида ёш боласи борлиги учун телефонини олиб чиқиш учун кафега кирдим. Ана шундан кейин бугунги кунга қадар давом этаётган машмашалар бошланди, — дейди Жасурбек Ҳамроқулов. — Кафега кирганимда икки-уч нафар қиз рақсга тушаётган эди. Мен ўтирган жойимиздан телефонни олиб, уларнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда рақсга тушаётганлардан бири билан тўқнашиб кетдим. Мен ҳам у қиз ҳам маст эдик. Аёл киши бўлса-да, унинг тилидан нафсониятимга тегадиган ҳақоратлар чиқди. Шунда унинг юзига тарсаки тортиб юбордим. Бошқалар ўртага тушди. Тахминан 1-1,5 дақиқа ўтгач, узр сўраб ташқарига чиқиб кетаётганимда икки нафар ички ишлар ходими кириб келди. Улардан бири менга «Э бола, олдимга кел» деди. Ёнига бориб, сенсираб гаплашмаслигини айтдим. Кейин у менинг билагимдан ушлаб кафенинг зинасига олиб чиқди. «Сен ‘борзий’ экансанми, ҳақингни талаб қиладиган» дея қўлларимни қайириб олди. «Ички ишлар ходими бунақа қилиши мумкин эмас, кўпчиликка томоша бўлмасдан ҳар қанча гап бўлса, ИИБ бўлимига борайлик», дедим. У «Сен билан қанақа гаплашиш кераклигини кўрсатиб қўяман» деб қўлларимни янада қаттиқроқ қайирди. Тиззаларим билан чўккалаб қолдим, у эса оёғи билан босди.

Жасурбек Ҳамроқуловнинг маълум қилишича, ИИБ ходимининг кафе ташқарисидаги зўравонлигига укаси, турмуш ўртоғи ҳамда машинасида бўлган Малоҳат исмли аёл гувоҳ бўлган.

— Ҳолатни кўрган укам ва хотиним, машинамиздаги Малоҳат исмли ёш болали аёл ҳам югуриб келди. Инспектор Сардор Абдуманноповнинг тагидан жуда кўпчилик бўлиб, ажратиб олишга уринишди. Лекин ҳеч кимнинг кучи етмади. Хотинимнинг қўли гипс қилинганди. Сардор итариб юборганида гипс синиб, чиқиб кетди. Қаердандир келган Миллий гвардия ходими мени ундан ажратиб олди. Иккинчи ходим бу ҳолатни томоша қилиб турарди. Шундан сўнг мен уларга «ИИБ бўлимига олиб боринг, сиз билан ўша ерда гаплашамиз. Қилган ишлариз учун жавоб берасиз, формангиз борлиги учун шунақа қиляпсиз», дедим.

Фото: Дилмурод Ҳамроқулов

Жасурбек Ҳамроқуловнинг ИИБ ходими томонидан калтакланишини кафе хизматчиси Равиля Ашурова ҳам тасдиқлади.

ИИБ биносига олиб кетилаётган Жасурбекка ИИБ ходими «Балиқчида бўлганингда ўлдириб юборган бўлардим», деган гапни ҳам айтган.

— Мени Damas’нинг орқа ўриндиғига ўтқизишди. Сардор эса ўрта ўриндиққа ўтириб, менга «Агар сен Балиқчида бўлганингда ўлдириб юборган бўлардим» дея ўдағайлади. Мен ҳам гапдан қолмадим «Сен кимни ўлдирасан, ҳали қилган ишларинг учун жавоб берасан» деб бақирдим. Сардор тирсаги билан юзимга уриб, бошимни машинанинг ўриндиғи тагига сиқиб, 6-сонли ички ишлар бўлинмасига келгунча қийнаб, уриб келди.

Мурожаатчининг айтишича, у ўша куни шаҳар прокуратурасига шикоят қилиб, ИИБ ходимининг зўравонлиги ҳақида гапириб берган. Қолаверса, ўша куни воқеадан сўнг ИИБ биносига келган ходимлар ҳам воқеани батафсил ўрганган. Аммо шаҳар прокуратураси Жасурбек Ҳамроқуловнинг ўзига жиноят иши очган.

Фото: Дилмурод Ҳамроқулов

— Мен ўша куннинг ўзидаёқ Андижон шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожат қилганман. Воқеалардан сўнг Андижон вилоят тез тиббий ёрдам шифохонасида 10 кунча ётиб даволаниб чиқдим, — дейди Жасурбек. — Ҳолат бўйича ИИБ ходимига қонуний чора кўришларини сўраб бир неча бор ариза ва шикоятлар билан ҳуқуқий идораларга мурожат қилдим. Афсуски, шу кунгача ҳеч қандай жавоб ололмаяпман. Яқинда прокуратура ходими қўнғироқ қилиб чақирди. Борсам, менга нисбатан Жиноят кодексининг 219-модда билан «Сардорга қаршилик кўрсатиб, погонларини юлиб олганим» тўғрисида жиноят иши қўзғатилганлиги ва адвокат билан келишимни айтди.  Ваҳоланки, ушбу ҳолат бўйича 5 ой ичида менга Сардор бир нечта ИИБ ходимларини ўртага қўйиб, аризамни қайтариб олишимни илтимос қилиб кечирим сўраганди. Ачинарлиси мен калтак еб, жароҳатланиб жабрланувчи бўлиш ўрнига жиноятчига айланяпман.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматига ушбу масала юзасидан боғланганимизда, Шерзодбек Нуриддинов прокуратурага мурожаат қилишимиз кераклигини айтиб, воқеа ҳақида ахборот беришни истамади.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!