Халқаро қурултой ёшларни экология ҳақида қайғуриш ва эко-туризмни ривожлантириш йўлида бирлаштиради

Халқаро қурултой ёшларни экология ҳақида қайғуриш ва эко-туризмни ривожлантириш йўлида бирлаштиради

9 август куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Ёшлар - келажак бунёдкорлари!” III экология ва туризм халқаро қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева, вазирлик бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм йўналиши бўйича ўринбосари Алишер Зокиров, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманида нутқ сўзлаган Заррина Абдуллаева бу галги қурултой туризм билан бир қаторда экология соҳасини ҳам қамраб олганини таъкидлади.

“Экология ва туризм бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Атроф-муҳитни тоза сақламай туриб сайёҳларни жалб қилиб бўлмайди. Шунинг учун бу галги қурултойда ёшларда экологик маданиятни янада шакллантириш, экологик билимларни мустаҳкамлаш, табиатга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, - деди у. - Қурултой дастуридан ўрин олган эко-квест, плоггинглар, интеллектуал ўйинлар ва бошқа тадбирлар ёшларни атроф-муҳитни асраб-авайлаш, эко-туризмни ривожлантириш каби мақсадлар йўлида бирлаштиради”.

Анжуманда қурултойда маҳаллий ва хорижлик ёшлар, хусусан, Тожикистон, Қиргʻизистон, Қозогʻистон ва Туркманистон каби давлатларнинг ёшлари ҳам қатнашиши таъкидланди. Шунингдек, юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан 56 нафардан иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан ногиронлиги боʻлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган оʻқувчи, талаба ва ёшлар жалб этилгани маълум қилинди.

Тадбир давомида юртимизда ички ва ташқи туризм ривожланиб бораётганлиги, сайёҳлар оқимида ёшларнинг ҳажми сезиларли даражада ошаётгани, ўз навбатида бу борадаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Матбуот анжумани якунида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

Маълумот учун, қурултой 13-августгача давом этади. Қурултой дастуридан экология ва туризм соҳасига оид семинарлар, дебатлар, интеллектуал ўйинлар, дўстлик тадбирлари, энг яхши экологик ва туризм лойиҳалари танловлари, кўргазмалар, “Опен аир” (очиқ осмон) форматида кинофилмлар намойиши, плоггинг аксияси, миллий ва этноспорт ўйинлар, маҳорат дарслари ўрин олган. Қолаверса, “Ёшлар спартакиадаси” оммавий спорт ўйинлари, Оʻзбекистон Республикаси “Ёш экологлар” ҳаракати ҳамда Ёш туризм элчилари Кенгаши аʼзолигига сайловлар ҳамда иштирокчилар учун Шаҳрисабздаги Оқсарой меʼморий ёдгорлиги боʻйлаб саёҳатлар ташкил қилинади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!