Вафот этган кишининг оила аъзоларига улар сўрамаса ҳам дафн пули тайинланади

Вафот этган кишининг оила аъзоларига улар сўрамаса ҳам дафн пули тайинланади

Шу ҳафта бюрократияни қисқартиришни кўзлаб қабул қилинган президент фармонидаги бандлардан бири нотўғри талқин қилиниши оқибатида ижтимоий тармоқларда янглиш маълумот тарқалди.

Ушбу фармон юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Пенсия жамғармаси ва Адлия вазирлиги вакиллари масалага аниқлик киритиб ўтишди.

«Фармон тасдиқланганидан сўнг, интернет тармоқларида бир марталик дафн нафақаси тайинлаш тўхтатилади, деган мазмундаги хабарлар тарқалиб кетди. Биз ушбу хабарга ойдинлик киритмоқчимиз. Дафн нафақаси тўхтатилгани йўқ. Фақатгина фуқароларга енгиллик яратилди.

Илгари дафн нафақаси олиш учун фуқаролар ўлим ҳақидаги гувоҳномани олгач, пенсия жамғармасига мурожаат қилар эдилар. Жамғарма томонидан бир иш куни давомида дафн нафақаси тайинланиб, «Халқ банки»га тўлов қайдномалари жўнатиларди.

Янги фармон билан ушбу тизимга ўзгартириш киритилди. Эндиликда фуқароларга ўлим ҳақидаги гувоҳнома олгандан сўнг, шу куннинг ўзида «Халқ банки»нинг исталган филиалига бориб, бир марталик дафн нафақасини олиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда ҳар битта ФҲДЁ органида «Халқ банки»нинг сайёр кассалари бор. Демак, фуқаролар гувоҳнома олгач, ўша жойнинг ўзида бир марталик дафн нафақасини олишлари мумкин», – деди Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Камолиддин Ҳожибеков.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов ҳам шу масалага тўхталди.

«Журналист ва блогерлардан қонун нормаларини тўғри талқин қилишларини сўраб қоламиз. Сабаби ижтимоий тармоқларда дафн пули берилмаслиги билан боғлиқ биргина нотўғри маълумот аҳолининг кескин эътирози ва норозилигига олиб келди. Аслида фармонда бу нарса умуман назарда тутилмаган.

Ўзи инсон яқинини йўқотганида қайси дардда бўлади-ю, унинг ўлим пулини олиш учун мурожаат қилишга хоҳиши ҳам, имконияти ҳам бўлмаслиги мумкин.

Яна бир нарсани айтиб ўтишимиз керак, кўп фуқароларимиз ўлим пули олиш кераклигини билмайди ҳам. Фармонда айтиляптики, ФҲДЁ органида электрон шаклда ўлим қайд қилингандан сўнг, Пенсия жамғармаси аҳоли ва унинг яқинлари келмаса ҳам бир иш кунида унга тегишли дафн пули расмийлаштирилишини таъминлайди.

Аҳоли пулни ўзига қулай бўлган банк шохобчалари ёки «Халқ банки»нинг филиалларидан бемалол олиши имконияти яратилган», – деди вазирлик расмийси.

Маълумот учун, вафот этган шахсни дафн этиш учун нафақа бериш, моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш кафолатлари «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунда белгиланган.

Дафн нафақасини тайинлаш ва тўлаш тегишли низом билан тартибга солинади.

Низомга кўра, дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахсга пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори (ҳозирда 238 610 сўм)нинг 4 баравари миқдорида (954 440 сўм) бир марталик нафақа тўланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!