ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 млн доллар ажратади

ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 млн доллар ажратади

ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид ал-Халифа узоқ муддатли ҳамкорликни муҳокама қилди ва хусусий секторни давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш масалаларини кўриб чиқди.

Шунингдек, ипотека кредитларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари, жумладан, аҳоли учун ипотека кредитлари мавжудлиги ҳолатини яхшилаш ва Ўзбекистон ипотека кредитларини қайта молиялаштириш компанияси орқали инвестицияларни жалб этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистонда “Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 20 миллион доллар миқдоридаги битим имзоланди.

Ушбу лойиҳа Президент томонидан тасдиқланган “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгиланган мақсадларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлди. Лойиҳа хусусий секторга мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имконини беради.

Қайд этилишича, лойиҳа бир қатор янги мактабгача таълим муассасалар қуриш ва модернизация қилиш, шу билан бирга уларда болалар учун ўринлар сонини сезиларли даражада ошириш имконини беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!