Учувчисиз дрон эгасини “учирди”…

Учувчисиз дрон эгасини “учирди”…

Одамзод қизиқ. Биров тошбақа учади, деса дарров ишонади. Кимдир  дабдабали тўй қилса ёки қасрдек иморатлар қурса ўшандан қолишмаслик учун ўзини тўрт томонга уради. Ана шундай нотўғри “ибрат”лардан ибрат олиб кўплар панд еганига барчамиз гувоҳмиз. Инсон шундай. Ўзининг  ортиқча орзу-ҳавасларини деб жуда кўп нарсаларни бой берганлигини кеч англайди. Оддийгина тўй масаласидаги пойгаларни деб пойи узилиб қолганлар ҳақида кўп ва хўп ёздик. Мана бугунги ҳолатда  ҳам ёш йигитнинг бошига “бало” бўлган, уни суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур қилган нарса яна ўша орзу –ҳавас, яна ўша тўй-томоша балоси билан боғлиқ.

Одилжон Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Кармана туманида туғилган. Нуфузли банклардан бирида яхшигина лавозим эгаси. Вояга етмаган фарзанднинг отаси. Маҳаллада ўзига яраша ҳурмати бор. Ёш бўлса ҳам яхши -ёмоннинг, оқ ва қоранинг фарқига борадиганлардан.

Аммо бинойидек ишлаб юрган йигитнинг иши бир пасда чаппасига айланди. У жорий йилнинг бошида фуқаро К.Шокиров бошқарувидаги “Матиз” русумли таксида Хатирчи туманига кетаётган вақтида “қўлга тушди”. Машина “Навоий-Самарқанд” йўл патрул хизмати масканида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашина ҳайдовчисининг ҳужжатлари ва йўловчининг қўл юклари текширилганда, бир дона “Mavic AIR” номли учувчисиз учадиган аппарат яъни дрон қурилмаси ва унинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари мавжудлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хузуридаги “O`ZAVIATSIYA” агентлигининг хулосасига кўра, О.Алиевдан ҳужжатлаштириб олинган “Mavic AIR” номли қурилма учувчисиз учадиган аппарат ҳисобланиши, ушбу аппарат техник жиҳатдан фойдаланишга яроқли эканлиги, бундай аппаратларни Ўзбекистонга олиб кириш, ўтказиш,  сақлаш ёки улардан фойдаланишга рухсатнома бўлиши шартлиги, О.Алиевнинг  аппаратида эса рухсатнома йўқлиги кўрсатилган.

Орзу-ҳаваслар гирдобига тушиб қолган Одилжон Алиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди.

У айбига тўлиқ иқрорлик билдириб,  2017 йил июнь ойида тўй қилиш арафасида тўй видеоси тасвири яхши чиқиши учун Тошкент шаҳридан учувчисиз учиш аппарати “дрон” қидирганлигини, ҳеч қаерда сотилмаётганлиги сабабли курсдошларидан бирининг қўлидан 200 АҚШ доллар пул эвазига мана шу дронни сотиб олганлиги, ушбу дрондан тўйида бир марта фойдаланганлиги, шундан сўнг оилавий тадбирларида ҳам бир икки марта ишлатганлиги аён бўлди.

Ва кунларнинг бирида О.Алиевга Шоҳруҳ исмли ошнаси қўнғироқ қилиб, Хатирчи туманида янги тўйхона очилаётганлигини, тўйхонани реклама қилиш учун дрон орқали видео тасвирга туширилса эвазига 200.000 сўм пул беришини айтганлигини, унинг таклифига рози бўлиб, йўлга тушгани ва  узоққа бормасдан қўлга тушгани ёмон бўлди.

Рухсатномаси йўқ аппаратдан фойдаланишни жиноят деб билмаган, ёки билса ҳам ўзини билмаганга солиб юрган йигит қаттиқ панд еди, оилавий шароитини, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олишларини , енгилроқ жазо тайинлашларини сўраб қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдирди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамиров раислигида кўриб чиқилган мазкур жиноят ишида судланувчи О.Алиевнинг Жиноят кодексининг 55-моддасига кўра чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, Жиноят кодексининг 56-моддасига кўра жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмади, деб ҳисоблайди.

Суд, судланувчи О.Алиевга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймондалигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, ёшини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қонун санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, шунингдек, жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган 8.931.662 сўмга баҳоланган “Mavic AIR” номли учувчисиз учиш аппарати давлат эгалигига ўтказишни лозим топди.

Одилжон Алиев Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга ушбу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 йил 6  ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Инсон ўз нафсини, ўз ҳавасларини жиловлай олмай гоҳида мана шундай хатоларга йўл қўяди, боши берк кўчаларга кириб қолади. Чексиз орзу-ҳавасларни деб озодликни чеклаш жазосини ўзига “сотиб олган” ёш йигит ҳам бу хатолардан сабоқ чиқаради деган умиддамиз.

                                        Норбек МИРЗАЕВ,
 Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди масъул ходими,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!