Тошкентда Руминиянинг “Мэрцишор” байрами ўтказилди

Тошкентда Руминиянинг “Мэрцишор” байрами ўтказилди

Бугун пойтахтимизда Руминиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан баҳор фасли кириб келиши муносабати билан “Мэрцишор” деб номланган тантанали байрам ташкил этилди.

Анъанага кўра, Европанинг ушбу давлатида янгиланиш, яшариш фасли келиши билан кенг нишонланадиган мазкур тадбир маънавий мерос сифатида жаҳон миқёсида эътироф этилади.

Баҳорнинг илк кунида румин аёллари ва қизлари қизил ва оқ икки ип билан боғланган, қўлда ясалган заргарлик буюми кўринишидаги кичик совғаларни қабул қилишга одатланган. Бундай безак айни байрам номи билан “Мэрцишор” дейилади.

Бу гал айём муносабати билан, элчихона ташаббусига кўра, Тошкент халқаро мактабида румин анъанасини намойиш этиш мақсадида “Мэрцишор” тайёрлаш санъати ўргатилиб, ўзига хос маҳорат дарси ташкил этилди.

Фавқулодда ва мухтор элчи Даниэль Кристиан Чобану ушбу байрам тарихан рамзий маънога эгалигини эслатиб, айни жараёнда маданият соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилганини таъкидлади. Шунингдек, мазкур шодиёна ўзбек халқи қарши оладиган баҳор байрами – Наврўз билан жуда кўп умумий жиҳатларга эгалигини қайд этди.

Йиғилишда Ўзбекистон – Руминия алоқалари барча соҳаларда муваффақиятли ривожланаётгани, ҳамкорлик ривожи учун улкан салоҳият ҳам мавжудлиги хусусида илиқ фикрлар билдирилди.

“Мэрцишор” анъанаси 2017 йил UNESCO Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига “1 март билан боғлиқ маданий амалиёт” номи билан киритилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!