Кузда кўз касалликлари нега авж олади?

Кузда кўз касалликлари нега авж олади?

Мутахассис улардан сақланиш бўйича муҳим тавсиялар берди.

Куз келиб, ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб бормоқда. Ушбу фаслда кўпчиликнинг иммунитети сустлашиб, шамоллашга мойиллиги ортади. Қолаверса, бу пайтда кўз билан боғлиқ турли мавсумий касалликлар авж олади.

Хўш, улардан сақланиш учун нима қилиш керак?

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов бу борада ўзининг бир қанча тавсияларини берди.

— Кузда ҳароратнинг ўзгариши, шамоллар ва ҳаво намлигининг пасайиши кўз билан боғлиқ турли касалликлар хавфини оширади, — дейди мутахассис. — Шунингдек, бу даврда ўсимликлар ва дарахтларнинг чанг чиқариши энг юқори даражада бўлади. Оқибатда одамлар орасида аллергик реакциялар, хусусан, вирусли конъюнктивит ва мавсумга хос бошқа кўз муаммолари кўп учрайди. Улардан бири аллергик конъюнктивитдир.

Ушбу касалликнинг асосий сабаби ҳашаротлар, ўсимлик чанглари ва бошқа аллергия чақирувчи омиллардир. Хасталик қўзғаганда беморда кўзнинг қизариши, ёшланиши ва қичишиш кузатилиб, унда ёт нарса бордай туюлади.

Хасталикдан ҳимояланиш учун кўзойнак тақиш, хонадаги ҳаво фильтрларидан фойдаланиш, аллергияга қарши дори воситаларини шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.

Ушбу фаслда кўп учрайдиган яна бир касаллик қуруқ кўз синдроми бўлиб, унга ҳаво совуши ва шамоллар кучайиши сабаб бўлади. Қолаверса, ҳаво намлигининг камайиши ҳам кўзнинг қуруқлигига таъсир қилади.

Хасталик пайти беморда кўз қичишиши ва қуриши, унда ёт нарса бордай ҳис қилиш, ёруғликка сезгирлик ҳамда кўришнинг вақти-вақти билан хиралашиши кузатилади.

Қуруқ кўз синдромидан сақланиш учун шифокор тавсияси асосида махсус ёш томчиларидан фойдаланиш, компьютер ёки смартфон билан узоқ вақт ишлаганда ҳар 20 дақиқада кўзларни дам олдириш, намлагичлар орқали хонада ҳаво намлигини таъминлаш керак.

Биламизки, куз фасли вирусли инфекциялар учун ҳам қулай давр ҳисобланади. Шу боис бу пайтда кўпчилик инсонларда яна бир кўз касаллиги — вирусли конъюнктивит қўзғайди. Ушбу хасталик вируслар орқали юқади ва жуда тез тарқалиши мумкин.

У кўз қизариши, қичишиш, бош оғриғи ва томоқ оғриғи каби умумий вирусли касалликлар билан бирга намоён бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш — қўлларни тез-тез ювиш, кўзларга тегмаслик, агар вирусли инфекция белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!