Дунёда вабодан ўлим кўрсаткичи 71 фоизга ошди

Дунёда вабодан ўлим кўрсаткичи 71 фоизга ошди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вабо эпидемияси бўйича янги ҳисоботини эълон қилди. Унда қайд этилишича, 2023 йили дунё бўйича бу хавфли инфекциядан ўлим кўрсаткичи 2022 йилга нисбатан 71 фоизга, касалланиш ҳолатлари эса 13 фоизга ошган.

“Ўтган йили вабодан 4000 киши вафот этди, — дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус. — Иқлим ўзгариши, баъзи минтақаларда ичимлик суви танқислиги, қашшоқлик, санитария шароитлари етишмаслиги, уруш ва ҳарбий тўқнашувлар хасталик кучайишига сабаб бўлди”.

Ҳисоботга кўра, жорий йилда ҳам эпидемиологик вазият мураккаб. Хусусан, 2024 йил бошидан буён 342 мингдан ортиқ беморда ушбу инфекция аниқланган, улардан 2,4 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. 22 мамлакатда касаллик авж олиши кузатилган.

Жумладан, июль-август ойлари оралиғида Суданда қарийб 2,7 минг кишига вабо ташхиси қўйилди. Улардан 120 нафарининг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади.

ЖССТнинг вабо бўйича техник раҳбари Филипп Барбоза фикрича, касаллик қурбонлари сони расмий статистикадан анча юқори. Аслида уни ҳар йили тахминан 2 миллионга яқин киши юқтириб, 100 минг нафари ҳаётдан кўз юмаётган бўлиши мумкин.

Масъуллар эпидемиянинг янги тўлқинини жиловласа бўлади, деган хулосада. Бунинг учун касалликка қарши вакциналар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарур. Чунки ўтган йили қарийб 36 миллион доза эмлаш воситалари ишлаб чиқарилган, бироқ бу мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини қоплайди, холос.

Қолаверса, тоза ичимлик суви таъминоти, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш вабо эпидемиясини тўхтатишнинг узоқ муддатга мўлжалланган ягона барқарор ечими бўлиб қолмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!