Тошкентда қувватлаш станциялари ишини мувофиқлаштирувчи оператор хизмати жорий этилади

Тошкентда қувватлаш станциялари ишини мувофиқлаштирувчи оператор хизмати жорий этилади

Пойтахт ҳокимлиги “Тошкент шаҳрида электромобилларни қувватлантириш станциялари қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Энергетика вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилмоқда:

  • Тошкент шаҳрида тижорат мақсадида электромобилларни қувватлантириш станциялари фаолиятини мувофиқлаштирувчи оператор хизматини жорий этиш;
  • Тошкент шаҳрида қувватлаш станциялари фаолиятини мувофиқлаштирувчи оператор функциясини “Тошкент Инвест компанияси” акциядорлик жамияти зиммасига юклаш;
  • 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб компания томонидан оператор функциясини бажариш учун дастурий таъминот платформасини жорий қилиш, платформага Тошкент шаҳри бўйича электр энергияси етказиб берувчи корхоналари ҳамда қувватлаш станцияларини шартнома асосида интеграция қилиб бориш.

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2025 йилнинг 1 январига қадар Тошкент шаҳрининг ҳудудлари кесимида қувватлаш станциялари тармоғи ва инфратузилмасини ривожлантиришнинг стратегиясини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди ва уларни заруратга кўра янгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Кадастр агентлиги, Энергетика вазирлиги, компания ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир ойлик муддатда қувватлаш станциялари ўрнатиш учун мўлжалланган ер участкалари рўйхатини шакллантиради ва ушбу рўйхатдаги ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарорига асосан компанияга 49 йилдан ошмайдиган муддатга тўғридан тўғри ижарага берилади, заруратга кўра ер участкалари рўйхати янгиланиб боради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!