Солиқ тўловчилар фаолияти ўтказиладиган текширувдан олдинги таҳлиллар солиқ текширувларининг олдини олишга имкон беради

Солиқ тўловчилар фаолияти ўтказиладиган текширувдан олдинги таҳлиллар солиқ текширувларининг олдини олишга имкон беради

Текширувдан олдинги таҳлил солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғисиз, “Автокамерал” ахборот тизими орқали солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир.

Мазкур ахборот тизимида жорий қилинган 506 та мезонлар - мантиқий шартлар ва алгоритмлар асосида, тадбиркорлик субектлари томонидан тақдим этилган солиқ ва молиявий ҳисоботларда келтирилган кўрсаткичлар билан солиқ органларида мавжуд маълумотларни (жумладан, электрон ҳисобварақ-фактура, экспорт-импорт операциялари, онлайн касса техникаси чеклари ва ҳ.к.) автоматлаштирилган тартибда таққослайди.

Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчининг шахсий кабинетига солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисида хабарнома юборилади.

Хабарномада қайд этилган тафовут суммасининг батафсил ҳисоблаш тартибини кўриш учун ушбу хабарноманинг пастки қисмида “Тафовутнинг ҳисобланиш тартиби (формуласи)” тугмасини босиш орқали ёки my3.soliq.uz порталидаги барча хизматлар бандидан тафовутларнинг келиб чиқиш формуласи кўриб олишлари мумкин.

Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарномани олган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши лозим.

Ушбу ҳолат бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар асосномаси солиқ тўловчи томонидан тақдим этилганда ва тафовутлар бартараф этилганда, текширувдан олдинги таҳлил якунланган ҳисобланади.

Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади. Шу билан бирга, ушбу жараёнда солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақаларини вақтинчалик тўхтатиш чоралари қўлланилмайди.

Ушбу автоматлаштирилган тизимнинг жорий қилиниши солиқ тўловчиларга юзага келган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш имконини беради ва қўлланилиши мумкин бўлган молиявий жарималарни олди олинишини таъминлашга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!