Самарқанд давлат университетига 5 юлдузли университет мақоми берилди

Самарқанд давлат университетига 5 юлдузли университет мақоми берилди

Самарқанд давлат университети Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб QS Stars рейтингида 5 юлдузли мақомга эга бўлди.

Университет матбуот хизматининг хабар беришича, QS Stars тизими олий таълим муассасаларини глобал миқёсда баҳоловчи Буюк Британиянинг QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2009 йилда ташкил этилган. Ушбу тизим университетларга ўзларининг кучли соҳаларини тарғиб қилиш, заиф томонларини аниқлаш ва яхшилашга ёрдам беради.

QS Stars рейтинги университетларни 13 категория бўйича баҳолайди: таълим сифати, битирувчиларнинг ишга жойлашуви, тадқиқот, халқаролаштириш, академик ривожланиш, қулайликлар, онлайн таълим, инновациялар, санъат ва маданият, инклюзивлик, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга таъсир ва танланган мутахассислик. Рейтингга кириш учун университетлар камида 8 йўналишни танлаб маълумот тақдим этади.

Рейтинг тизимининг асосий мақсади бўлажак талабаларга университет танлашда қўшимча восита бериш ва алоҳида муассасалар ҳақида чуқурроқ маълумот тақдим этишдир.

“QS компанияси Самарқанд давлат университети фаолиятини баҳолашни 2023 йил 1 ноябрда бошлади ва натижалар 2024-йил эълон қилинди,” — дейилади хабарда.

Матбуот хизматига кўра, 8 фаолият йўналиши ва 50 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича маълумотлар чуқур таҳлил қилинган. Натижада университет максимал 1000 баллдан 780 балл тўплаган (5 юлдузли университет бўлиш учун минимал кўрсаткич 700 балл).

Таълим сифати категорияси бўйича мавжуд 4 кўрсаткичнинг 3 тасида, жумладан, талабаларнинг таълим сифати ва университетда яратилган шароитлардан қониқиш даражаси, битирувчиларнинг таълимни кейинги босқичларда давом эттириш кўрсаткичлари бўйича максимал балл қўлга киритилган.

QS томонидан глобал миқёсда иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, Самарқанд давлат университети 158 нафар иш берувчилар томонидан сифатли кадрлар етказиб бериши эътироф этилган.

Университет битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи ўқишни тугатгандан кейин 24 ой ичида доимий ишга жойлашган. Университетда ташкил этилган “Карера” маркази ишга жойлашиш хизматлари натижасида битирувчиларнинг ишга жойлашиши кўрсаткичи ҳам 5 юлдузга эга бўлди.

“Сўнгги йилларда СамДУда 20 га яқин қурилишлар: ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, илмий лабораториялар, IT марказ барпо этилди. Бу эса QS рейтинг агентлиги томонидан эътироф этилди ва университетда яратилган қулайликлар категорияси бўйича ҳам 5 юлдуз билан баҳоланди”, — дея қайд этилмоқда хабарда.

Танланган таълим йўналиши категориясида баҳолаш учун физика йўналиши танланган. Физика йўналишида ўқишга киришда ҳар бир ўрин учун 15,8 нафар абитуриент ариза топширганлиги, талабаларнинг 94 фоизи ўз вақтида ўқишни тугатаётганлиги ва 94,1 фоизи таълим сифатида мамнун эканлиги натижасида бу йўналишда ҳам 5 юлдуз қўлга киритилган.

“QS Stars рейтинг тизими университетларга хорижлик талабаларни муайян устувор фан йўналишлари бўйича жалб этишга ёрдам беради.

Университетдаги таълим сифатининг QS каби халқаро миқёсда ишончли ташкилот томонидан тасдиқланиши, ўз брендини ривожлантириш ва бозор эҳтиёжларига мос келадиган академик дастурларни таклиф қилиш имконини беради”, — дея қўшимча қилинади хабар якунида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!