“Россия глобал кучлар мувозанатини сақлаш учун ядро арсеналини ривожлантиради” — Владимир Путин

“Россия глобал кучлар мувозанатини сақлаш учун ядро арсеналини ривожлантиради” — Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин мамлакат глобал кучлар мувозанатини сақлаш учун ядро арсеналини ривожлантиришини маълум қилди. Бу ҳақда президентнинг Кремлда берган баёнотига асосланиб, Reutersэга таяниб Дарё нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, Путин 21 июнь куни Кремлда ҳарбий, полиция ва разведка хизматлари академиялари битирувчилари иштирок этган маросимда чиқиш қилган. Ўз чиқишида президенти мамлакатнинг ҳарбий ва стратегик мақсадлари ҳақида сўз очган.

Президент Россия тўхтатувчи восита сифатида дунёдаги энг йирик ядро қуроли арсеналини ривожлантиришда давом этишини айтган. Шунингдек, Украинада жанг қилаётган армияни энг сўнгги қуроллар ва учувчисиз самолётлар билан таъминлашини маълум қилган.

“Биз рақибларимизни стратегик тийиб туриш кафолати сифатида ядровий триадани янада ривожлантириш ва дунёда кучлар мувозанатини сақлашни режалаштирмоқдамиз”, — деган Владимир Путин.

Таҳлилчилар Россия раҳбари ўз нутқида кенг кўламли ядровий дастурга ишора қилганини билдирган. Чунки президент нутқида қўлланилган ядровий триада атамаси Россиянинг қуруқлик, денгиз ва ҳаводан учириладиган ядровий ракеталари тизимига нисбатан ишлатилади.

Ўз нутқида Кремль раҳбари фавқулодда ҳолатларда ядро арсеналидан фойдаланиш эҳтимолини истисно этмаган. Агар бошқа давлат Россияга қарши бу қуролдан фойдаланса ёки давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида қолса, Москва ядро қуролидан фойдаланиш учун қонуний асосга эга бўлиши таъкидланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!