Ноқонуний қурилишларга чоралар кўрилмоқда

Ноқонуний қурилишларга чоралар кўрилмоқда

Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ходимлари Гулистон шаҳар “Янги ҳаёт” МФЙдаги Янги бозор ҳудудида тадбиркорлар томонидан шаҳарсозлик норма қоидаларига зид равишда ўзбошимчалик билан қурилган, биноларга ўзгартириш киритилган ҳамда рухсатномасиз енгил типдаги қурилмаларни ўрнатиш каби ҳолатларни ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

Тадбир давомида ўндан зиёд шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда қурилиб ёки ўрнатиб олинган қурилмалар аниқланган. Жумладан, кўп қаватли уйларга қўшимча қурилмалар ўрнатилганлиги ва рухсатномаси мавжуд бўлмаган енгил типдаги қурилмаларни ўрнатиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар бўйича тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари берилди.

Янги бозор ҳудудида аниқланган 5 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда қуриб олинган ҳамда енгил типдаги конструкция қурилмалари мутахассислар томонидан бартараф этилиб, кўп қаватли уйлар атрофида тадбиркорлар томонидан ўрнатиб олинган 3 та контейнер олиб ташланди.

Шунингдек, Самарқанд кўчасида ҳам ўрганиш ишлари давом эттирилиб, хусусан, мулк эгалари томонидан қурилиш чегарасидан чиққан ҳолда ноқонуний равишда қўшимча қурилган бинолар аниқланиб, фуқаролар ва тадбиркорларга белгиланган тартибда огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.

Ушбу огоҳлантириш хатларида фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан қонунга зид равишда қуриб олинган ёки ўрнатиб олинган объектларни 15 кун муддат ичида улар томонидан бузиб ташланиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур аниқланган ноқонуний объектлар бўйича тегишли маълумотлар тайёрланмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!