Маҳаллий кенгашларни энди ҳокимлар бошқармайди

Маҳаллий кенгашларни энди ҳокимлар бошқармайди

Бу қоида амалда қандай ишламоқда?

Маълумки, парламент – халқ вакиллиги институти ҳисобланади. Демак, парламент халқ номидан иш юритиб, ҳар қандай соҳани назорат қилиши аҳоли ва жамият манфаатларини таъминлаши керак.

Парламентнинг қуйи бўғинлари бўлган маҳаллий кенгашлар эса ўз ҳудудлари доирасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши, мансабдорларни, ҳатто ҳокимларни саволга тутиши даркор.

Лекин ҳеч кимга сир эмаски, илгари маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиб келган. Бу эса, ўз-ўзидан, қонуний мувозанат бузилишига олиб келгани сир эмас. Чунки маҳаллий кенгаш аъзолари бўлган депутатлар ўз раисларига қарши бора олмаслиги кундай равшан эди.

Шу сабабли, бу масала доимий равишда танқидлар нишонида эди. Бу ҳолатни давлатимиз раҳбари ҳам танқид қилиб, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлигини кўп таъкидлаган.

Фақат янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди.

Бу ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий «овозига» айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйиш белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида бу жараённинг ҳуқуқий асослари янада кенгроқ мустаҳкамланди.

Мазкур фармон билан қўйилган вазифалар ва уларнинг ижроси бўйича Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

– Бу фармонда давлат ҳокимиятини халққа яқинлаштириш ёки халқчил давлат ҳокимиятини яратиш масаласи қўйилди. Давлатимиз раҳбари депутатлар кенгашини кучайтираман ва улар билан ишлайман, деган фикрни билдирган эди. Бунинг амалдаги ифодаси фармон билан жорий этилди.

Фармон билан давлат ҳокимияти органи иккига бўлинди. Бунинг биринчиси – давлат ижро ҳокимияти, бунга ҳоким раҳбарлик қилади. Иккинчиси маҳаллий кенгаш бўлиб, унга депутатлар ичидан раис сайланади.

Уларнинг вазифаси ҳам албатта, икки хил. Давлат ижро ҳокимияти ижро билан боғлиқ вазифани амалга оширади. Халқни ўйлантирган масалалар ечимини, давлат дастурлари ижросини таъминлайди. Маҳаллий кенгашлар бу вазифалар ижроси бўйича назорат функцияни амалга оширади. Муҳими, фармон билан мазкур институтлар функциялари тизимлаштирилди.

Халқни ўйлантираётган масалаларни депутатлар жойларда ўрганади ва буни ижро ҳокимиятига маълум қилади. Масалан, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни депутат ўрганади, муаммоларни халқ билан келишган ҳолда маҳаллий кенгашга олиб чиқади. Бошқа муаммоли масалалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Кўтарилган масалалар ечимини топмаса, маҳаллий кенгаш масаланинг қонуний ечими бўйича ҳаракат қилиши, уни юқори органларга тақдим этиши ҳам мумкин.

Эътиборли жиҳати, бу меъёрлар амалда аллақачон ишламоқда. Чунки бу жараён узоқ кутилган ва амалда бунга етарлича тайёргарлик кўрилган.

Эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилди.

Айни пайтда Олий Мажлис Сенати томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!