ЖССТ: 2019 йилда дунёда астма касаллигидан 455 минг нафар киши вафот этган

ЖССТ: 2019 йилда дунёда астма касаллигидан 455 минг нафар киши вафот этган

🌐Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан астма касаллиги билан боғлиқ янги ҳисобот эълон қилинди.

📊Унга кўра, 2019 йилда дунёда астма билан касалланганлар сони 262 миллион нафарни ташкил қилган ва бу хасталикдан вафот этганлар 455 минг нафарга етган.

🗂Астма билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг аксарияти даромад даражаси паст ва ўрта бўлган мамлакатларга тўғри келади, бу давлатларда астмани аниқлаш ва даволаш кўрсаткичлари етарли даражада эмас.

🔗Астма жиддий касаллик, аммо тўғри даволаш йўли билан уни назорат остида ушлаб туриш мумкин.

🔻Агар оилада астматиклар бўлса, бу хасталик билан касалланиш эҳтимоли ортади. Одатда астма бошқа аллергик касалликларга чалинган одамларда ривожланиши мумкин.

📈 Болалар ва ортиқча вазнга эга бўлган катта ёшдаги одамларда астма ривожланиш хавфи юқори бўлади.

✅Астмани бутунлай тузатиб бўлмайди, аммо унга қарши курашиш учун бир қатор даволаш усуллари мавжуд. Энг кенг тарқалгани — бу дорини тўғридан-тўғри ўпкага етказиб берадиган ингалятордан фойдаланиш. Ингаляторлар астма билан оғриган одамларга касалликни назорат остида ушлаб туришга ҳамда нормал ва фаол ҳаёт кечиришга ёрдам беради.

🖇Аммо, ЖССТга кўра, кўпгина мамлакатларда барча беморлар ҳам ингаляторларни олиш имконига эга эмас. 2021 йилда даромад даражаси паст ва ўртадан паст бўлган мамлакатларнинг фақат ярмида астма билан оғриган одамларда бронходилататорлар, учдан бирида эса стероид ингаляторлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган.

📌Астма билан оғриган одамлар ва уларнинг оила аъзоларига бу касаллик ҳақида кўпроқ маълумот тақдим этиш муҳим. Бунга даволаниш йўлларини танлаш, қўзғатувчи омилларни бартараф қилиш ва уй шароитида симптомларни енгиллаштириш усуллари киради.

📓Астма ЖССТнинг ноинфекцион касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Глобал ҳаракатлар режасига ва БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш кун тартибига киритилган. (https://telegra.ph/file/7c7eccbe3149920cc2596.png)

🔷Астма учун муҳим хавф омили ҳавонинг ифлосланиши бўлиб, бу касалликнинг янги ҳолатларини келтириб чиқаради. ЖССТ соғлиқни сақлаш ходимлари учун ҳавонинг ифлосланишига доир ўқув дастурини ишлаб чиқди, унда бу масала ҳақида батафсил айтилиб, ушбу омилнинг таъсирини камайтириш ва юмшатиш бўйича амалий маслаҳатлар берилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!