ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН ВИЖДОН СЎРОҒИ ёхуд бир гуруҳ “тадбикорлар”нинг кирдикорлари ҳақида

ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН ВИЖДОН СЎРОҒИ ёхуд бир гуруҳ “тадбикорлар”нинг кирдикорлари ҳақида

Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланб бораётган, инвестициявий жозибадорлиги ошаётган дунёдаги энг жадал ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради. Мамдлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Бизнес юритиш халқаро индексида юртимиз нуфузи тобора яхшилаиб бораяпти.

Бу энг аввало, солиқ ислоҳотларининг тубдан ўзгараётгани, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар берилаётгани билан боғлиқ. Шунга қарамай, афсуски, тадбикорларимиз орасида солиқлардан қочиш, ноқонуний фаолият юритиш, ҳужжатларни сохталаштириш каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Жорий йил октябрь ойида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят Конимех туман судининг очиқ суд мажлисида бир гуруҳ тадбиркорлар устидан кўриб чиқилган ҳолат бунга мисол. Улар ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, ноқонуний даромад олиш борасида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктиришган эди.

С.Парпиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган)  асли навбаҳорлик. Кўп йиллар давомида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, қурилиш-пудрат  ишларини амалга ошириб келади. Хатирчи, Конимех –  вилоятнинг турли ҳудудларида йирик қурилиш компаниялари билан шартнома тузган ҳолда ёлланма ишчилар ёрдамида пудрат ишларини амалга оширади. ЯТТ сифатида ўнлаб кишиларни ишлатиб, уларга “конверт” усулида ойлик-маош бериб, бир қатор даромадларини солиқдан яширганлиги ҳамда бошқа жиноятлари учун бир неча маротаба судланади. Охир-оқибат ЯТТни ёпиб қўя-қолади.

Бироқ, мўмай даромад топиш илинжидан воз кечмаган Парпиев конимехлик таниши Л.Ҳомиев билан жиноий тил бириктириб, келишган ҳолда унинг мева-сабзавот экспорти ҳамда дори-дармон импорти билан шуғулланувчи корхонасини ўзининг номига расмийлаштириб олади.  Сабаби айни шу вақтда мазкур корхоа устидан жиноят иши қўзғатилган, Ҳомиев эса жазодан қутулиб қолишни ўйлайди. 

Бу вақтда корхонанинг ижарага олинган омборида республиканинг турли ҳудудларидан – деҳқонларнинг пешона тери билан етиштирилган, бироқ ҳақи тўланмаган 18 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бор эди.

Корхонага сохта янги раҳбар тайинлангач мазкур товарлар Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинади ҳамда анчагина даромадга эга бўлишади.

Келгуси жиноят иши ҳам пухта ўйлаб кўрилгач, дори-дармон савдоси билан шуғулланиш мақсадида мазкур даромад эвазига – жами  130 миллиард сўм атрофидаги дори-дармон воситалари  Россия, Франция, Англия, Германия, Ҳиндистон ҳамда Польша каби мамлакатларидан импорт қилинади ва нақд пулда маҳаллий бозорда сотила бошланади.

Бу вақтда  улар томонидан шу йўналишда фаолият олиб борувчи яна бир корхона тузилиб, тегишли лицензияга ҳам эга эдилар. Жиноий тўдага эса Д.Тохиров ҳамда М.Гадоев каби ҳамкорлар ҳам қўшилади.

Улар дори-дармон воситаларини лицензия шартлари бўйича белгиланган жойларда сақламасдан ва реализация қилмасдан, келгусида солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида улгуржи тартибда нақд пулга сотиб, сотувдан тушган пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан келган. Натижада 2017-2018 йиллар давомида жами қарийб 1 миллард сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмай қолади.

Мазкур жиноий гуруҳ жавобгарликдан қочиш мақсадида корхона раҳбарлигини бири қўйиб-бири олиб – шу тартибда фаолият олиб боришади. Гўёки ҳаммаси хамирдан қил суғургандек – корхона пули йўқлиги учун “банкрот” бўлаяпти-ю, уни бошқа биров келиб қайта “оёққа турғизмоқда”.

Кўр-кўрни қоронғуда топади, дейишади. Энг қизиғи уларнинг бари аввал судланган, айримлари ҳатто етти маротабагача суднинг қора курсисига ўтириб, ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган эди.

  Уларнинг ҳамтовоқлиги, кирдикорлари тегишли органлар назаридан четда қолмади. Узоқ давом этган тергов-суриштирув ишлари натижасида бир-бирига алоқадор корхоналардаги сохтакорликлар фош бўлди. Айбдорлар суд мажлисида жиноятига тўлиқ иқрорлик билдирмади. Бироқ, мавжуд далилиларни инкор этиб бўлмасди. Уларнинг айримлари озодликдан маҳрум қилинган бўлса, бошқаларига ахлоқ тузатиш ишлари белгиланди.

Қайд этиш лозим, бугун жамиятимиз қўлни-қўлга бериб Янги Ўзбекистон қуриш борасида саъй-ҳаракат олиб бормоқда. Бугунги жадал ислоҳотлар ҳар биримиздан икки карра масъулият, фидойиликни талаб қилаяпти.

Хўш,  ана шундай долзарб даврда юқоридаги жиноятни, эгри йўлга қадам босганларни қандай баҳолаш, мазкур кимсаларни ким деб аташ мумкин? Улар ўзларининг виждони олдида ҳам жавоб бердимикан?

Ф.ҚАҲОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Конимех туман суди судяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!