Истеъмолчига 182 миллион сўм қайтариб берилди

Истеъмолчига 182 миллион сўм қайтариб берилди

Бугунги кунда юртимизда аҳоли яшаши учун қулай бўлган кўп қаватли хонадонлар қурилиши кенг кўламларда олиб борилмоқда. Лекин, ушбу соҳада ҳам айрим тадбиркорлар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу муносабат билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар қатъий назоратга олинган.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Сараосиё туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг уй-жой бўйича йўллаган мурожаатида истеъмолчи уй-жой сотиб олиш учун “Й.Ҳ.С” МЧЖ билан шартнома имзолагани, унга кўра бошланғич бадал ва тасдиқланган тўловга асосан 2018-йил июн ойида 182 млн 700 минг сўм пул маблағларини тўлаганини билдирган. Аммо пудратчи мазкур уй-жой бўйича шартнома шартларини қўпол равишда бузиб келаётганлиги, ҳозиргача уйни фойдаланишга топширмаганлиги ва натижада фуқоро ўзининг ҳуқуқлари бузилиб келаётганлигини билдириб, Рақобат қўмитасидан амалий ёрдам сўраган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.

Шунингдек, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Ўрганиш ишлари натижасида, кўп қаватли уйни харид қилиш учун фуқаро ва “Й.Ҳ.С” МЧЖ ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди, унга тўланган жами 182 млн 700 минг сўм маблағ “Й.Ҳ.С” МЧЖ томонидан мурожаатчига тўлаб берилиши таъминланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!