Фарғонада 1,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади

Фарғонада 1,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади

Фарғона вилоятида ўтган йилда 1 миллиард 330 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Инвестиция киритаётган мамлакатларнинг умумий сони 23 тага етиб, бунда Хитой, Россия, Жанубий Корея давлатлари етакчилик қилди.

Шунингдек, умумий қиймати 332,5 миллион доллар бўлган 28 та хорижий инвестиция иштирокидаги йирик лойиҳа ишга туширилди, уч мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса инвестициялар янада фаол жалб этилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов вилоятда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт ва ташқи савдо географиясини ривожлантириш ҳамда ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида 2023 йилда бажарилган ишлар таҳлили ҳамда бу борада 2024 йилдаги чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотида маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 январь куни бўлиб ўтган 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар асосида вилоятда аниқ-чора тадбирлар ишлаб чиқилди. Вилоятда 2024-2026 йилларда хорижий инвестициялар иштирокида амалга ошириладиган умумий қиймати 1,9 миллиард доллар бўлган 149 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида хорижий инвестициялар ўзлаштиришни жорий йилда 1,5 миллиард долларга етказилади.

-Бу кўрсаткичларга эришишда 2 та йўналишда ишлар ташкил қилинган, -дейди вилоят ҳокими ўринбосари.--Аввало, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик муносабатлари тизимли ва тартибли механизм асосида йўлга қўйилади. Иккинчи йўналишда, вилоят миқёсида ва ҳар бир шаҳар, туманларда инвестицияларни жалб қилишда жозибадорликни оширишга алоҳида аҳамият қаратилади.

Вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳамда янги ишга туширилган корхоналар имкониятлари ўрганиб чиқилган ҳолда мақсадли экспорт кўрсаткичлари белгилаб олинган. Жорий йилда 1 миллиард 100 миллион долларлик маҳсулотларни экспортга йўналтириш прогнози ишлаб чиқилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!