Eр юзида яшовчи 650 миллионга яқин аёл 18 ёшга тўлмасдан эрта турмушга чиққан

Eр юзида яшовчи 650 миллионга яқин аёл 18 ёшга тўлмасдан эрта турмушга чиққан

UNICEFнинг талқинига кўра, эрта никоҳ — бу 18 ёшга тўлмаган шахс билан расман тузилган никоҳ ёки норасмий иттифоқ саналади. Ташкилотнинг сўнгги маълумотларига мувофиқ, ер юзида яшовчи 650 миллионга яқин аёл 18 ёшга тўлмасдан эрта турмушга чиққан.

Афсуски, кўплаб мамлакатларда вояга етмаган қизни турмушга бериш уни очликдан ёки зўравонликдан асрашнинг яккаю ягона йўли деган қадимий тафаккур ҳали ҳануз долзарбдир.

Эрта никоҳ айниқса Африка мамлакатларида, жумладан Нигер, Чад, Эфиопия, Танзания каби давлатларда кенг тарқалган.

Осиё давлатларида ҳам бу урф-одат кўп кузатилади. Масалан, Бангладешда🇧🇩 13 ёшда турмушга чиқиш бу ернинг аҳолиси учун ғайриоддий ҳолат саналмайди.

Расмий маълумотларга кўра, бу давлатда 38 миллион қиз 18 ёшга тўлмасидан, ундан 13 миллионга яқини эса - 15 ёшга тўлмасидан турмуш қуради.

🇮🇳Ҳиндистонда қонуний никоҳ ёши қизлар учун 18 ёш бўлиб, қонунни бузиш учун 2 йилгача қамоқ жазоси белгиланган бўлсада, Ҳиндистонда ҳар йили ўртача 2 минг нафардан ортиқ эркак бу жиноят учун озодликдан маҳрум қилинади.

🇮🇩Индонезияда қизлар 16 ёшдан, ўғил боллар эса 19 ёшдан оила қуришлари мумкин. Мазкур давлатда йилига тахминан вояга етмаганларнинг 64 мингдан ортиқ никоҳи қайд этилади.

🇹🇷Туркияда эса 2023 йилда 16-17 ёшдаги 10 471 нафар қиз эрта турмуш қурган. Туркия қонунларига кўра, никоҳланишнинг ёш чегараси 2022 йилда 18 этиб белгиланган. Бироқ, ота-она розилиги билан 17 ёшга пасайтирилиши мумкин.

🇺🇿Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб, эркаклар ва аёллар учун ягона никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган.
Бундай қатъий чегара ўзининг самарасини берди ва кўплаб эрта никоҳ ҳолатларига қонунан чек қўйди.

Умумий ҳолатни таққослаш учун таъкидлаш жоизки, 2018 йилда Республика бўйлаб 5123 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган бўлса, 2023 йилга келиб, эрта никоҳлар сони фақат 42 танигина ташкил этган.

Умуман олганда, давлатларнинг эрта никоҳ каби бола манфаатларига мутлақо зид бўлган салбий воқеиликга барҳам бериш учун қилаётган сайъи -ҳаракатлари ўзининг глобал самарасини бермоқда.

Хусусан, УНИCЭФнинг 2023 йилги ҳисоботида охирги 25 йилда 68 миллион вояга етмаганларнинг никоҳи олди олинганлиги қайд этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!