ДХХ Хива шаҳридаги ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйди

ДХХ Хива шаҳридаги ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ сайъ-ҳаракати билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг Хива шаҳридаги маҳаллий ёшлардан иборат яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди.

Aниқланишича, 2003 й.т. фуқаро 2020 йилнинг март ойида ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ташкилоти эмиссарлари таъсирига тушиб қолади ва уларнинг радикал ғояларини қўллаб-қувватлай бошлайди.

Жорий йилнинг январ ойидан эса у Хива шаҳридаги масжидлардан бирига ибодат қилиш учун келган ёшлар орасида “жиҳодчилар” ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Натижада 7 кишидан иборат гуруҳ шаклланади ва улар 1980 ҳамда 1982 й.т. ака-укага тегишли меҳмонхонада ўзаро йиғинлар ўтказиб келишади.

Эътиборли жиҳати шундаки мазкур ака-уканинг 2005 й.т. бир нафардан фарзандлари ҳам гуруҳ аъзолари саналади.

Мунтазам ўтказилган йиғинлар вақтида улар интернет тармоғи орқали юклаб олинган диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”ларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод”га чорловчи аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, ўзаро муҳокама қилишган.

Шунингдек, улар Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилганда фойдаланиш учун спортнинг қўл жанги тури билан ҳам шуғулланишган.

Таъкидлаш лозимки, ноқонуний гуруҳнинг 1998-2005 йиллар оралиғида туғилган аъзолари орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг талабаси ҳамда Хива шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабининг 2 нафари ўқувчиси бор.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гуруҳ аъзоларининг айримлари ноқонуний бойлик орттириш мақсадида гиёҳванд моддалар савдоси ва ўғирлик жиноятларини амалга оширганликлари ҳам маълум бўлди.

Шунингдек, уларнинг мобиль телефон аппаратларида республикамиз қонунчилигида тақиқланган аудио-видео кўринишидаги диний материаллар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ матбуот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!