Бола ҳуқуқлари бўйича вакил 5 йил муддатга сайланади
![Бола ҳуқуқлари бўйича вакил 5 йил муддатга сайланади Бола ҳуқуқлари бўйича вакил 5 йил муддатга сайланади](/photos/news/qsUcEPKO5NkwSAH.jpeg)
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-917-сон, 29.02.2024 й.) қабул қилинди.
🔰 Қонунга кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
📜 Вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.
🗓 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади.
✅ Қонун билан, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди, жумладан:
🔹мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар юбориш;
🔹давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
🔹ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш ҳуқуқига эга.
🏢 Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиш ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.
▶️ Вакил болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
🌐 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини тайинлайди.
📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.