Аҳолининг 53,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёр

Аҳолининг 53,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёр


Сўровда республикамизнинг барча ҳудудларида яшовчи эркаклар, хотин-қизлар, ёшлар ва катта ёшдаги фуқаролар иштирок этди.

Телефон орқали ўтказилган сўровда мамлакат фуқароларининг 53,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрлигини тасдиқлади. Улар вакцина аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олувчи профилактик тадбирлар мажмуасининг муҳим таркибий қисмларидан бири эканлигини англаб етмоқда.

Сўралганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (36,5 фоиз) эмланишдан бош тортмоқда.

Сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси жавоб беришга қийналди, бу уларнинг ҳали COVID-19га қарши эмланиш тўғрисида якуний қарор қабул қилмаганлигидан далолат беради.

Телефон орқали ўтказилган сўров натижаларига кўра, эмланишга тайёрлик мамлакатнинг эркак аҳолиси орасида 17,4 фоизга юқори бўлиб, 60,7 фоизни ташкил этади. Аёллар орасида эмлашга тайёрлар ва COVID-19га қарши эмланишни истамайдиганлар фоизи деярли бир хил – 43,3 фоизи эмлашни истайди, 45,2 фоизи истамайди.

Ёш кесимида коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрликнинг энг юқори кўрсаткичи 45-54 ёшдаги фуқаролар орасида аниқланди. Эмланиш борасида бир қарорга келмаган фуқароларнинг энг юқори даражаси 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар орасида аниқланди ва 28,4 фоизни ташкил қилди.

"Сиз қанча вақт ичида COVID-19га қарши эмланмоқчисиз?", деган саволга жавоб беришда 37,1 фоиз фуқаро келаётган ҳафтада эмланишга тайёрлигини билдирди. 25,7 фоиз иштирокчи фикрига кўра, улар бир ой ичида эмланишни бошлашлари мумкин. Ҳар ўнинчи респондент (11,3 фоиз) поликлиникага чақирилган тақдирда эмланишга тайёр эканлигини таъкидлади. Фуқароларнинг кичик фоизи (1,6 фоиз) эмланишни узоқроқ муддатга кечиктиради. Ҳар бешинчи респондент эмланишга тайёр бўладиган вақт ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди.

Тадқиқотнинг асосий мақсадларидан бири фуқароларнинг эмланишдан бош тортиши сабабларини аниқлашдан иборат.

Олинган маълумотларга кўра, 35,9 фоиз фуқаро вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари борасидаги хавотирлик ва кучли ножўя реакцияларга дуч келмасликни COVID-19га қарши эмланишни рад этишнинг асосий сабаблари сифатида айтишди.

Телефон сўровининг кўрсатишича, 34,2 фоиз фуқаро коронавирус инфекциясига қарши эмланишга зарурат кўрмаяпти ва COVID-19га чалиниши мумкинлигига ишонишмайди. Ушбу тоифадаги фуқароларнинг фикрига кўра, жаҳонда коронавирус инфекцияси атрофида юзага келган вазият гўёки ўйлаб топилган, унинг хавфи жудаям ошириб юборилган. Бундан ташқари, ушбу фуқаролар касаллик уларни четлаб ўтишига ишонади.

Телефон сўрови давомида COVID-19га қарши эмланишга нисбатан салбий муносабатда бўлган фуқароларнинг 16 фоизи вакцина коронавирусдан самарали ҳимоя қилишига шубҳаланишини таъкидлади. Чунки бугунги кундаги мавжуд вакциналар уларнинг хавфсизлигини ва самарадорлигини тасдиқлаши мумкин бўлган етарлича тадқиқот ва клиник синовлардан ўтмаган.

8,6 фоиз респондент эмланишни самарасиз, деб ҳисоблайди, коронавирусга қарши мавжуд вакциналар аҳолининг касални юқтириш хавфини камайтириши, ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонмайди.

Умуман олганда, телефон орқали ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, ҳар иккинчи тадқиқот иштирокчиси эмланишга ишонади, уни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали восита, деб ҳисоблайди. Ўзини ва яқинларини хавфли вирус билан касалланиш хавфидан сақлаш учун COVID-19га қарши эмланишга тайёр.

Шу билан бирга, аҳолининг бир қисми орасида мутлақо асоссиз, эмланишга салбий таъсир кўрсатувчи турли хил қўрқув ва хавфсирашлар кенг тарқалган. Сўров ўтказиш вақтида эмланиш керакми ёки йўқлиги борасида аниқ позицияга эга бўлмаган гуруҳ ҳам аниқланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!