“Бойсун баҳори”нинг халқаро кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

“Бойсун баҳори”нинг халқаро кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

Сурхондарё вилоятининг хушманзара Бойсун туманида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Халқаро кўрик-танловда дунёнинг 13 давлати жамоаси ва яккахон хонандаси, мамлакатимизнинг 15 та фольклор-этнографик ансамбли ўз маҳоратини кенг намойиш этди. Уларнинг чиқишларини халқаро ҳакамлар ҳайъати очиқ, ошкора баҳолади. Кўрик-танловнинг фольклор санъати йўналиши бўйича ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Танлов якунида биринчи ўрин Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун” фольклор-этнографик ансамбли жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринга Бухоро вилоятидаги “Жондор” фольклор-этнографик, Самарқанд вилоятидаги “Чавқи” фольклор этнографик ансамбллари муносиб топилди. Учинчи ўринни Хоразм вилоятининг “Хоразм” фольклор-этнографик ансамбли, Қозағистон Республикасининг “Қозоғистон” жамоаси ва Япониянинг “Япон марвариди” жамоалари қўлга киритди.

Халқаро кўрик-танловнинг “Фольклор намуналарининг энг яхши талқини учун” номинациясида Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим” фольклор-этнографик ансамбли, “Турли халқлар фольклор намуналарини мужассамлаштирган жамоа учун” йўналишида белгиялик жамоа, “Анъанавий мусиқанинг миллий чолғулардаги энг яхши талқини учун" номинациясида Буюк Британиялик жамоа ва “Миллий фольклор қўшиқларининг энг яхши саҳнавий талқини учун” йўналишида Қирғизистон Республикасининг “Қирғизистон” жамоалари, “Миллий анъаналарнинг тарғиботи учун” номинациясида Навоий вилоятининг “Ёр-ёр” фольклор-этнографик халқ ансамбли ғолиб бўлди.

Шунингдек, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида Тошкент вилоятининг “Кўзмунчоқ” жамоаси биринчи, Жиззах вилоятининг “Беш тош”, Қорақлпоғистон Республикасининг “Мерос” болалар жамоаси иккинчи, Тожикистон Республикасининг “Қоратоғ”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Беларусь Республикасининг “Яритса” халқ жамоаси учинчи ўринлар билан тақдирланди.

Танловнинг “Энг ноёб халқ томошаси учун”, “Миллий урф-одатларнинг энг яхши талқини учун”, “Энг аҳил жамоа учун” “Воҳа фольклори ва томоша санъатининг тарғиботчиси”, “Фольклор ва томоша санъатининг энг яхши тарғиботчиси” каби номинациялари бўйича ғолиблар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Ғолиб ва совриндорларга махсус диплом, халқаро фестиваль статуэткаси, пул мукофотлари тантанали топширилади.
Тантанали маросим эл суйган санъаткорлар иштирокидаги галаконцерт билан якунланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!