Яна бир штат Трампга сайловда қатнашишни тақиқлади

Яна бир штат Трампга сайловда қатнашишни тақиқлади

Иллинойс округ суди кутилмаганда АҚШ Конституциясидаги исёнчи шахсларнинг давлат лавозимларини эгаллашини тақиқловчи 14-тузатиш асосида собиқ президент Доналд Трампни штатдаги Республикачилар партиясининг праймеризи бюллетенидан четлатди.

Қарор ҳали кучга киргани йўқ ва Трампнинг адвокатлари шикоят қилишлари мумкин. Иллинойс штатида праймериз 19 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Худди шундай қарор Мэн ва Колорадо штатларида ҳам қабул қилинган.

Колорадодаги судялар, Трампнинг кўплаб танқидчилари сингари, у 2020 йилги сайлов натижаларини ноқонуний йўллар билан бекор қилишга уринган ва ўз тарафдорларини 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришга ундаган, деб ҳисоблайди. Трамп бу айбловларни рад этади.

Собиқ президентнинг адвокатлари ушбу қарор устидан АҚШ Олий судига шикоят билдирган. Олий судда биринчи суд мажлислари феврал ойи бошида бўлиб ўтган.

Экспертлар Олий суд собиқ президентга мойиллиги ва унинг фойдасига қарор чиқариши мумкинлиги ҳақида хулоса қилмоқда. Бу қачон содир бўлиши ҳозирча номаълум, аммо Олий суд қарори барча штатлар учун мажбурий бўлади.

CNN маълумотларига кўра, Иллинойс штатидаги даъво бир гуруҳ сайловчилар томонидан "Free Speech for People" ташкилоти билан биргаликда қўзғатилган бўлиб, улар аввалроқ Мичиган, Миннесота ва Орегон штатларида Трампни сайлов бюллетенидан олиб ташлашга уринган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!