Хоразм вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик имкониятлари Пекинда ўтказилган форумда тақдим этилди

Хоразм вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик имкониятлари Пекинда ўтказилган форумда тақдим этилди

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Илзат Касимов бошчилигидаги делегациянинг Пекинга амалий сафари давомида мамлакатимиз элчихонасида Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси билан биргаликда "Ўзбекистон – Хитой: савдо-иқтисодий, сармоявий ва туризм форуми" ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Иштирокчилар Хоразм вилоятида турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёни билан танишдилар. Вилоятнинг савдо-иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги, туризм салоҳияти ҳамда хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва афзалликлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

Хитой компаниялари Хоразмда ташкил этилган эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга ҳамда ҳамкорликда янги сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга чақирилди.

Тадбирда сўзга чиққан Хитойнинг хорижда саноатни ривожлантириш уюшмаси бош котиби Цзянь Юн икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаб, ушбу мамлакат компаниялари Ўзбекистон бозорида фаолият олиб боришга қизиқиши катта эканини билдирди.

Ўз навбатида, Хитой ишбилармон доира вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга Хоразм вилояти масъулларидан батафсил жавоб олишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон ва Хитой бизнес вакиллари ўртасида B2B ва G2B шаклида музокаралар ўтказилди.

Форум давомида ўтказилган тор доирадаги учрашувларда турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!