Ўзбекистондаги мавсумий саёҳатлар йўналишлари Кувайт оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Ўзбекистондаги мавсумий саёҳатлар йўналишлари Кувайт оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Кувайтнинг оммабоп «Q8 Press» электрон нашрида Ўзбекистондаги мавсумий саёҳат йўналишларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистонда ҳар бир фаслнинг ўзига хос жозибаси, уни бошқа фасллардан ажратиб турувчи афзалликлари бор. Йил фасллари ўзбек халқининг қадимий маданияти, миллий анъаналари билан ўзаро уйғунлашган», – дейилади мақолада.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда баҳор фасли февраль ойининг охирида бошланади. Ушбу фаслда мевали дарахтлар гуллайди. Бобо деҳқонлар яхши ният билан ерга уруғ қадайди. Баҳор фасли, шунингдек, экскурсиялар, меъморий обидалар, табиат қўйнида саёҳат қилиш учун қулай вақт ҳисобланади.

Март ойи жуда кўплаб байрам ва тадбирлар билан ёдда қолади. Хусусан, ушбу ойда Наврўз байрами ва у билан боғлиқ кўплаб тадбирлар ўтказилади. Ўзбек маҳаллаларида баҳорий миллий таом – сумалак тайёрлади. Наврўз байрами арафасида, шунингдек, миллий сайллар ўтказилади.

«Ёз фасли Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун йилнинг энг яхши фасли ҳисобланади. Айниқса, тоғли ҳудудлар ва чўлда жойлашган воҳаларнинг ҳавоси ушбу даврда мўътадил ва жуда тоза бўлади. Ёз фаслида дам олишга чиқиш учун Тошкент вилояти Марказий Осиёдаги энг ажойиб жойлардан бири ҳисобланади. Чорвоқ сув омбори ва Ғарбий Тяньшан тоғ тизмалари қўйнида ҳордиқ чиқаришни хоҳловчилар учун энг яхши манзилдир. Бу ерда сёрфинг, сузиш ва сув спорти билан шуғулланишни хуш кўрувчилар учун барча шароитлар мавжуд», – дея маълум қилган электрон нашр.

Зомин миллий боғи чиройли шаршаралари ва шифобахш табиат билан ўзгача. Мазкур сўлим масканда ўнлаб санаторийлар, дам олиш уйлари ва болалар оромгоҳлари жойлашган.

Материалда хабар қилинганидек, куз фасли бутун мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай фурсат ҳисобланади. Қайд этилишича, куз Ўзбекистонда жойлашган ЮНEСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган археологик манзилларга ташриф буюриш учун жуда қулай пайт.

«Ўзбекистон қиши сизга унутилмас саргузаштларни тақдим этади. Чунки, ушбу фаслда мамлакатдаги барча тоғлар қор билан қопланади. Қишки спорт ишқибозлари Тошкент вилоятидаги баланд тоғли ҳудудларда жойлашган «Чимён» – «Амирсой» – «Билдирсой» дам олиш масканларига йўл олишлари мумкин. Оппоқ қор билан қопланган тоғларда чанғида учиш ва осма дор йўли орқали энг баланд тоғ чўққиларга чиқиш ҳар қандай сайёҳга завқ бағишлаши тайин».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!