Ўзбекистонда электротехника тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Ўзбекистонда электротехника тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Қатарнинг етакчи "Qatar Tribune" газетасида "Ўзбекистон Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига электротехника маҳсулотлари экспортини оширишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилгача саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баробар, жумладан, электротехника саноатида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни 2 баробар, экспортни эса 3 баробар ошириш кўзда тутилгани қайд этилган.

2023 йил сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида "Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси"да белгиланган барча мақсадларга эришиш таъминланиб, мамлакатда электротехника саноати учун йилига 300 минг тонна мисни қайта ишлаш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини эса ўртача 65 фоизга ошириш вазифаси қўйилди, деб маълум қилинган нашрда. Бу борада Ўзбекистонда технологик тармоқлар, жумладан, электротехника тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти томонидан кейинги етти йилда электротехника саноати корхоналарига божхона ва солиқ имтиёзлари, транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун субсидиялар бериш бўйича қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, 2027 йил 1 январга қадар электротехника саноати корхоналарининг даромадлари ва мол-мулк солиғи 50 фоизга камайтирилди ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан озод қилинди.

Бундан ташқари, электротехника саноатида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор Дастурлар тасдиқланди.

"Бунинг самараси ўлароқ, кейинги етти йилда соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 935 миллион долларни, шундан тўғридан-тўғри хорижий сармоялар қарийб 400 миллион долларни ташкил этди", – деб ёзган "Qatar Tribune" газетаси.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!