Ўзбекистон ҳудудларидаги буддавийлик мероси Хитойда тақдим этилди

Ўзбекистон ҳудудларидаги буддавийлик мероси Хитойда тақдим этилди

Буддизм анъаналарига мувофиқ Пекиндаги Гуанцзи ибодатхонасида Будданинг туғилган кунини нишонлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Хитой Буддавийлик ассоциацияси раиси Янь Цзюэ мамлакат бўйлаб барча буддистлар жамоасига байрам табриги йўллагани ҳолда буддавийликнинг келиб чиқиш тарихи, тараққий этиши ва бугунги кунда Хитой жамиятидаги роли ҳақида атрофлича сўзлаб берди.

Тадбирда Хитой дин ишлари бўйича давлат бошқармаси раҳбарияти, Пекиндаги 30 га яқин чет эл дипломатик ваколатхоналари, ОАВ вакиллари ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 5000 дан зиёд буддистлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитой буддистлар ассоциацияси раиси ва тадбир иштирокчиларини қадимги Ўзбекистондаги буддавийлик ва юртимиз буддавийлик ёдгорликлари билан батафсил таништирдилар. Шунингдек, юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Хусусан, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлаш вазифалари белгилангани қайд этилди. Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилотлар диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда яшаб келаётгани маълум қилинди.

Ўз навбатида, Хитой буддистлар ассоциацияси раиси Янь Цзюэ мамлакатимиз ва халқимиз ҳақида кўплаб ижобий фикрлар эшитганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг тинчлиги ва барқарорлиги ҳамда унинг халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътибори ва муваффақиятларини юқори баҳолади.

Тадбир сўнггида Хитой томонига мамлакатимизда жойлашган буддизм обидаларига бағишлаб чоп этилган хитой тилидаги брошюралар тақдим этилди, шунингдек, Ассоциация вакиллари Ўзбекистонга таклиф қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!