Ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик бор

Ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик бор

Куни кеча фарзандимнинг мактаб телеграм гуруҳига синф йиғилиши бўлиши тўғрисидаги хабар келди. Йиғилишни шанба кунига белгилашганидан хурсанд бўлдим. Чунки давлат ташкилотида ишлайдиган оналар учун бу жуда қулай. Вақтим бемалолку, вақтлироқ бораверай деб йиғилишдан ярим соат олдин уйдан чиқдим.

Соат 16-00га белгиланган мажлисга 16-20 бўлибдиямки, 3 нафар ота-онадан бошқа ҳеч ким йўқ. Ваҳоланки, синфда 35 нафар ўқувчи ўқийди. 10-15 дақиқадан кейин 16 нафар бўлдик. Синф раҳбари бошқа кута олмаслигини ва йиғилишни бошлашини айтди. Умумий масалалар кўрилди: давомат, кийиниш маданияти ва ҳоказо.

– Ўқувчилар битирувчи синфга ўтишди, бу дегани хоҳлаганини кийиб келиши, хоҳлаган дарсига кириб хоҳламаганига кирмаслиги мумкин, ўқитувчиларга ақллилик қилса ҳам бўлаверади, дегани эмас. Қадрли ота-оналар сиздан шу ҳолатларни назоратингизга олишингизни сўрайман, – деди синф раҳбари.

Шунда оналардан бири ўрнидан туриб, “ўғлимнинг қўшимча дарслари бор, шу машғулот вақтига тўғри келган дарсга кирмайди, ўқитувчи истаган баҳосини қўяверсин” деди.

Шу жойида ҳуқуқшунослигим тутди.

“Сиз она бўлиб ўқитувчига шундай муносабатда бўлсангиз, фарзандингиздан нима кутсин ўқитувчи? Устозга бўлган ҳурмат аввало оилада шаклланади. Демак, оила даврасида ҳам шундай фикр билдиряпсизки, ўқувчи устозини менсимасликни, дарсига кирмасликни мумкин деб ҳисоблаяпти”, дея фикр билдирдим.

Фикримдан кейин қизғин тортишувлар, муносабатлар бошланиб кетди. Кузатиб туриб шуни англадимки, ўқитувчилар ҳам ўз қадрини, меҳнатининг баҳосини етарли даражада англамас экан.

Аслида ўқитувчилар ҳам ўз ҳуқуқини билиши ва давлат томонидан берилган имтиёз ва имкониятлардан максимал фойдаланиши, қайсики жамиятда ҳуқуқлари таъминланмаётган бўлса, уни талаб қилиши керак.

Қуйида педагог ходимлар учун қонунчиликда берилган айрим имтиёзларни мисол келтираман:

Болаларга таълим-тарбия берадиган барча педагог ходимлар доимий равишда бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Педагоглар учун 56 кунлик йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътиллар берилади. Педагог ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан 36 соат қилиб белгиланади. Мактаб ўқитувчиларига фаолиятни баҳолаш мезонлари асосида 10 фоиздан 40 фоизгача, кутубхоначи ва психологларга 10 фоиздан 20 фоизгача устама белгиланади.

Фан олимпиадаси ғолибини тайёрлаган ўқитувчилар рағбатлантирилади. Олимпиада ғолиби бўлган ўқитувчиларга 150 фоизгача устама берилади.

Ўқитувчилар касал бўлиб қолганида моддий ёрдам берилади. Ўзи дарс берадиган фани бўйича халқаро тан олинган ва миллий сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ғолиби бўлган мактабга ярим миллиард сўм берилади. Инклюзив синф ўқитувчиларига 40 фоизгача устама берилади. Олис ҳудудларда дарс бераётган ўқитувчиларга 50 фоизгача устама берилади.

Математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга пул мукофоти берилади. Кўп йиллик стажга эга педагоглар мажбурий аттестацияга жалб қилинмайди. Халқаро фан олимпиадаларини тайёрлаган ўқитувчиларга малака тоифаси аттестациясиз берилади. Таълим муассасаларининг чет тиллар фанлари ўқитувчиларига ойлик устамалар берилади.

Шу ўринда ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтмоқчиман.

Юқорида келтирилган имтиёзлардан педагог ходимларнинг жуда катта қисми бехабар ва фойдаланмаяпти. Фарзандларимизга устозни улуғлаш, унинг хизматини юксак баҳолаш тўғрисида кундалик суҳбатларимиз орқали сингдиришдан тўхтамайлик.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!