Туркия тошқинлардан жабр кўрган афғонистонликларга 24 тонна инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Туркия тошқинлардан жабр кўрган афғонистонликларга 24 тонна инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Туркия тошқинлардан жабр кўрган афғонистонликларга 24 тонна инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Бу ҳақда Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Туркия табиий офат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) томонидан тайёрланган инсонпарварлик ёрдамни олиб кетаётган ҳарбий транспорт самолёти Мозори Шариф аэропортига қўнди.

Юк 2 000 дона адёл, 14 300 кг озиқ-овқат ва 7 тонна дори-дармонларни ўз ичига олади.

Ёрдам тошқиндан энг кўп жабр кўрган Бағлон, Тахар ва Бадахшон вилоятлари аҳолиси ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.

БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 10–11 май кунлари бошланган кучли ёмғир ва ундан кейин сув тошқинлари ушбу вилоятлардаги 21 туманга зарар етказган.

Аввалроқ БМТнинг озиқ-овқат дастурида Афғонистондаги тошқинлар оқибатида 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун йўл олган эди. Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 минг литр ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт, 24 тонна шакар ва 22 тонна макарон маҳсулотлари ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган қадоқланган лағмон пакетлари ўрин олган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!