Тўлқин Қиличев: «Муваффақиятга эришишнинг асосий сабаби – тартиб-интизом»

Тўлқин Қиличев: «Муваффақиятга эришишнинг асосий сабаби – тартиб-интизом»

Жаҳон рингларида ўз номини улуғлаш билан Ватанимиз спорт шуҳратини юксакларга кўтариб келаётган ўзбек боксчилари ҳақида сўз кетганда, энг аввало, уларни камолотга етказиб келаётган фидойи мураббийлар кўз олдимизга келади.

Тўлқин Қиличев. Бу ном бугун нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон бокс оламида, халқаро спорт дунёсида энг машҳур номлардан бирига айланди. Ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида ҳеч бир мамлакатнинг бош мураббийи Қиличевдек шарафга эга бўлмаган, рости. Тўрт йиллик ўйинлар тарихига назар ташланса, дунёнинг манаман деган давлатларининг бокс терма жамоаларининг биронтаси битта олимпиадада 5 та олтин медални қўлга кирита олмаган. Тажрибали мураббий Тўлқин Қиличев етакчилигидаги Ўзбекистон боксчилари жаҳон боксининг янги тарихини яратди.

Хўш, бундай оламшумул ғалабага қандай эришилди? Унинг ортида қилинган меҳнатлар, ўтказилган ўқув-машғулот йиғинларининг сир-синоати нимада? Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаевдек забардаст чарм қўлқоп усталарини бир жамоага йиғиш, уларни ягона – Ватанни улуғлашдек олий мақсад сари йўналтира билишда албатта, бош мураббий бошчилигидаги тренерлар жамоасининг ўрни беқиёс.

"Париж-2024" ўйинлари. Етти нафар енгилмас боксчимиз. Саралаш жангларидаги машаққат ва руҳий курашлар. Уларнинг 5 нафарининг кучлиларни доғда қолдириб, финалга йўл олиши. Ўтказилган ҳар бир муштлашув ортидаги ҳис-ҳаяжон, асаблар таранглиги, кичкина масаладан катта ҳажмдаги деталларга қадар эътибор боксчи қатори мураббийларга айниқса, бош мураббийга қанчалик таъсир кўрсатишини Тўлқин Қиличев мисолида кўрдик, билдик. У юрак хуружига учраб, ҳаёт-мамот ўртасида қолиб кетган дамларда биз, спорт мухлислари боксчиларимиздан чиройли ғалаба асосида олтин медаллар кутаётган чоғлар эди… Бош мураббий ёлғон ва чин дунё ўртасидаги қил кўприк устида ётарди...

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, «Соғлом авлод» ва "Дўстлик" орденлари, "Шуҳрат" медали соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Тўлқин Қиличев билан суҳбатимиз айни ҳолатлар, қувонч ва изтиробнинг ёнма-ён юриши, боксчиларимизнинг ёзги Олимпия ўйинларидаги ғалабаси, унинг аҳамияти, келгуси режалар ва бошқа мавзулар хусусида кечди.

Эслатиб ўтамиз, Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Бу, Ўзбекистон спорт делегацияси дунёда 13-ўринни, Осиёда 4-ўринни, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллашини таъминлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!