Юлдуз Усмонова Уфа шаҳрида «Ҳамдўстлик юлдузлари» мукофоти билан тақдирланди
Айни кунларда Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижодий ва илмий зиёлиларининг ХVII форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумда Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.
Бугун, 17-cентябр куни ушбу форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди, унда Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Шунингдек, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ҳам ушбу форум очилишида нутқ сўзлади.
«Маданият халқлар ва жамиятларни анъана ва қадриятлар турличалигидан қатъи назар бирлаштиради. У чегараларга эга эмас, унинг тили универсал ва ҳаммага тушунарли. Маданий мулоқот ҳақида гапирганимизда, биз фарқларни тушуниш ва ҳурмат қилиш, шунингдек, умумий ёндашувларни топиш имконияти ҳақида гапиряпмиз.
Ҳар бир Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакати ўзининг ноёб маданий меросига эга, бу эса бизнинг умумий маданий кодимизни бойитади. Мусиқадан ва адабиётдан то анъаналар ва урф-одатлар — буларнинг барчаси бизнинг ўзаро идрокимизни шакллантиради ва ягона маданий макон яратишга ҳисса қўшади»,
- деди вазир ўринбосари.
Очилиш маросими доирасида ялпи мажлис ташкил этилиб, Гуманитар ҳамкорлик давлатлараро фонди томонидан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага «Ҳамдўстлик юлдузлари» мукофоти тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, 17-cентябрда ўз ишини бошлаган форум 19-cентябрга қадар давом этади.