Тошкентда “Made in Pakistan” кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкентда “Made in Pakistan” кўргазмаси бўлиб ўтди

Пойтахтимизда “Made in Pakistan” саноат маҳсулотлари кўргазмаси очилди. Тадбир очилиши маросимида ҳукумат аъзолари, Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Aҳмад Фарук, вазирлик, идоралар, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар мазкур йирик кўргазма товар айирбошлаш кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Стратегик ҳамкорлар ҳисобланган икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо қийматини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида қабул қилинган қўшма “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида ташкил этилган стендларда Покистоннинг 90 га яқин етакчи ишлаб чиқарувчиси, экспортчиларининг тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, косметика, электротехника маҳсулотлари, мотоцикл, скутерлар, IT ва логистика хизмати намойиш этилди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги беш йилда товар айирбошлаш 3 баробар ўсиб, 2023 йил 387 миллион долларга кўтарилди. Транзит ва имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар 17 турдаги харидоргир молларни имтиёзли асосда етказиб бериш имконини бермоқда. Эътиборлиси, бу рўйхат тобора кенгаймоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, 125 тага етди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун яратилган қулай шарт-шароитнинг амалий жиҳати ҳақида маълумот берилди, ҳамкорларга фармацевтика, машинасозлик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, кимё ва нефть-газ саноати соҳаларида янги лойиҳалар амалга ошириш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Покистон томонидан сўзга чиққанлар республикамизда яратилган ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолаб, ўз ишбилармон доира вакилларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирдилар.

Дастурга мувофиқ уюштирилган B2B ва G2B музокаралари алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик салоҳиятини муҳокама қилиш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш имконини берди.

Анжуман доирасида делегациялар раҳбарлари ўртасида тор доирада музокара ҳам ўтказилиб, савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикликни янада ривожлантиришга доир аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!