Сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлар жавобгарликка тортилади

Сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлар жавобгарликка тортилади

Мамлакатимизда аҳоли орасида тўлов интизомини шакллантириш, марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Натижада жойларда истеъмолчилар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, етказилган зарар тегишли тартибда ундирилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий масъулияти чекланган жамиятлари томонидан сув таъминоти ва оқова сув тизимларига 4,8 мингта ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Бунда энг юқори кўрсаткични Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари эгаллаган.

Мазкур қонунбузарликлар туфайли жамият манфаатларига жами 55,1 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган. Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий масъулияти чекланган жамиятлари томонидан республика бўйича 19,2 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган.

Ушбу ҳолатларнинг 10,7 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.

– Таъкидлаш жоиз, ўтган давр давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича 102 минг нафар истеъмолчидан жами 310,3 миллиард сўм маблағни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Шу жумладан, шартнома асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси орқали суд органларига киритиш учун 286 миллиард сўмлик 63,6 мингта қарздор истеъмолчи ҳужжатлари тақдим этилган. Савдо-саноат палатасида 36,1 миллиард сўмлик 14,2 мингта иш ҳужжатлари кўриб чиқиш жараёнида турибди.

Эслатиб ўтамиз, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишга амалдаги қонунчиликда маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Қонунбузарларга белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!