Собиқ прокурор Рашид Қодиров жиноят иши бўйича Олий суд янги маълумотларни тақдим этди

Собиқ прокурор Рашид Қодиров жиноят иши бўйича Олий суд янги маълумотларни тақдим этди

Бугун, 25 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Олий суд раисининг жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий, мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари, АКТ ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси ва матбуот хизмати бошлиқлари иштирок этишмоқда.

Олий суд вакилларидан собиқ бош прокурор Рашид Қодиров иши қандай кетаётгани бўйича маълумот сўралди.

«Тошкент шаҳар судида Рашид Қодиров иши доирасида 13 киши иши кўриляпти. Ҳозирда иш коллегия маслаҳатида. Яқин орада эълон қиламиз», дея Олий суд вакили сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

Ўз навбатида бошқа собиқ бош прокурорлар Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов бўйича ҳам саволлар берилган. Олий суд вакиллари бу борада суд бўйича ваколатга эга эмаслиги, бу ишларни кўраётганлар бошқалигини маълум қилишган.

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров 2018 йил февралида қўлга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган йилнинг июнь ойида Бош прокуратура собиқ бош прокурор иши бўйича 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинганини билдирган эди . 2019 йил 7 январь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Рашид Қодировга нисбатан ёпиқ суд жараёни бошланган.

Айни вақтда иш доирасида қўлга олиниб, суд қилинаётганларнинг расмий рўйхати йўқ. 

2018 йил февралида жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушлангани хабар қилинган. 

Прокуратура томонидан турли вақтларда берилган маълумотларда ушбу иш доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар номи тилга олинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!