Шофиркон туман ҳокими ваъдасини бажармаяптими ёки бажара олмаяптими?

Шофиркон туман ҳокими ваъдасини бажармаяптими ёки бажара олмаяптими?

Туман ҳокими Алишер Файзуллаев фуқароларнинг ололмаётган иш ҳақини 15 кунда ундириб беришини ваъда берган эди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Бухоро вилояти Шофиркон “Агросервис МТП” МЧЖда меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар томонидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда айтилганидек корхонада фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар ўтган 2023 йилдаги иш ҳақини олишда муаммолар мавжудлиги қайд этилган.

6 февраль куни мазкур мурожаат билан дастлаб Шофиркон тумани ҳокими Алишер Файзуллаев қабулида бўлдик. Мурожаатда кўрсатилган барча муаммолар туман ҳокими томонидан атрофлича ўрганилиб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

“Мазкур мурожаатда кўрсатилган барча муаммоларни ўзимнинг назоратимга оламан, 15 кун муддатда барча қарздорликларни бартараф этиб, ишчи-ходимларнинг маошини тўлаймиз. Бу масалада муаммо бўлмайди”, – дея ваъда берган эди А.Файзуллаев.

Шундан сўнг, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Элёр Эргашев ҳамроҳлигида Шофиркон “Агросервис МТП” МЧЖда бўлдик. Корхона дарвозаси олдида бизни ишчи-ходимлар қарши олди. Улар билан бирма-бир суҳбатда бўлдик.

Маълум бўлишича, 30 нафарга яқин ишчи ходимларнинг ойлик маошидан корхона 216,7 миллион сўм қарздорлиги мавжуд экан.

Аниқланишича, Шофиркон “Агросервис МТП” МЧЖнинг 66 фоиз акцияси “ВБМ Ромтекс”, 34 фоизи эса Бухоро агро сервис МТП да бўлиб, ушбу корхона давлатдан кредит олган ва ўз вақтида қайтармаган.

Ташкилотнинг солиқ ва бошқа коммунал тўловлардан қарздорлиги ҳам мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда корхонадаги 14 та ҳайдов ва 13 та комбайнлари МИБ томонидан мусодара қилиш мақсадида муҳрланган.

Ушбу ташкилот 400 дан ортиқ фермерларга 2,5 миллиард (икки ярим миллиард) сўмлик хизмат кўрсатган. Бугунги кунда ана шу фермер хўжаликлари томонидан “Бухоро агросервис МТП” орқали олиши керак бўлган 2,5 миллиард (икки ярим миллиард) сўмга яқин қарздорлик ҳам мавжуд.

Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Элёр Эргашев томонидан ушбу масала назоратга олинган бўлиб, тумандаги банк бошқармалари раҳбарларига тегишли фермер хўжаликлари томонидан 2,5 миллиард сўм маблағни “Бухоро агросервис МТП” ҳисобига ундириб бериш тўғрисида кўрсатма берилди.

Журналистик суриштирувимиз давомида мурожаатчилар билан, корхона таъсисчиси Анвар Солиев, корхона раҳбари Даврон Жуманиёзов, бош ҳисобчи Қобил Мирқулов иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш давомида ходимлардан мавжуд 216 760 124 сўм мавжуд қарздорлик 15 иш кунида тўлаб берилиши тўғрисида тушунтиришлар берилди.

“Дарҳақиқат, 2024 йил 1 январь ҳолатида иш ҳақидан 216,7 миллион сўм қарздорлигимиз мавжуд. Мазкур қарздорликни 15 кун муддатда тўлаймиз, албатта. Бу масалада барча раҳбарлар билан гаплашиб олдик. Муаммо бўлмайди”, – дейди корхона таъсисчиси Анвар Солиев.

Мурожаатни ўрганиш давомида шофирконлик масъуллар яъни туманнинг раҳбаридан бошлаб, корхонанинг ҳисобчисигача бўлган “каттаконлар” иш ҳақини 15 кун муддатда тўлаш бўйича ваъда беришди.

Афсуски, ваъдабозларнинг ваъдасига ишонган ишчи-ходимлар ҳалигача ойлик маошларини ололмай юрибди. Бу муаммо қачон барҳам топар экан. Ваъдабозлар ваъдасига қачон амал қилар экан. Ахир, ишчи-ходимларнинг оиласи, фарзандлари борлигини унутмаганмикан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!