Рим шаҳрида Ўзбекистон Президенти соврини учун ўзбек миллий кураши бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди

Рим шаҳрида Ўзбекистон Президенти соврини учун ўзбек миллий кураши бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди

Шу йилнинг 23-24 июль кунлари Рим шаҳрида Ўзбекистон Президенти соврини учун ўзбек кураши бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Турнир 400 дан ортиқ спорт мухлислари эътиборини тортди. Юқори мартабали меҳмонлар қаторида Италия ҳукумати ва парламенти, элчилар, ҳамда маҳаллий жамоатчилик, спорт ва академик доиралар вакиллари ташриф буюрди.

Мусобақа Ўзбекистон кураш федерацияси ва мамлакатмиз элчихонаси томонидан Италиянинг "Sport e Salute S.p.A." – "Спорт ва соғломлаштириш" давлат компанияси, "Libertas" миллий спорт маркази ва Италия кураш академияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Турнир Рим шаҳрининг тарихий обидаларидан бир ва Италиянинг энг нуфузли халқаро спорт аренаси — "Никола Пьетранжели" спорт мажмуасида бўлиб ўтди.

Чемпионатнинг тантанали очилиш қисмида Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Ризо Носирий, Европа кураш конфедерацияси президенти Мерампи Илиадис, Италия кураш академияси президенти Марко Пепе, Ўзбекистон кураш федерацияси раиси биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров ва элчи Абат Файзуллаев иштирокчиларга омад тиладилар.

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев ўз чиқишида, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ўзбек миллий курашининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини, хусусан, Ўзбекистон Президентининг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида ушбу спорт тури жаҳонда халқаро спорт тури сифатида тан олинганини таъкидлади. Бундай йирик мусобақа Римда ўтказилиши Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшиши ҳам қайд этилди.

Европа кураш конфедерацияси президенти Мерампи Илиадис ўзбек халқининг тарихий мероси бўлмиш кураш спорт турини оммалаштириш, ривожлантириш, уни миллий бренди сифатида дунёга танитиш, умумжаҳон дурдонасига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. "Ушбу спорт тури – ўзбек халқини улуғ қадрияти. Унинг спорт қоидаларида ҳам ўзбекларга хос ва мос бўлган урф-одатлар мужассамлашган", деди у.

Мусобақада дунёнинг 17 та мамлакатидан келган 33 та мутлақ вазн (эркаклар +100 кг ва аёллар +87 кг) тоифаларида эркак ва аёл спортчилар иштирок этди.

Аёллар ўртасидаги курашда бош совринни юртдошимиз Покизахон Камолиддинова қўлга киритди. Иккинчи ва иккита учинчи ўринларни мос равишда германиялик Айлин Милль, белгиялик Виктория Болохан ва руминиялик Качарина Калюжная эгаллади.

Эркаклар ўртасида кечган муросасиз баҳларда Ўзбекистон вакили Муҳсин Хисомиддинов барча рақиблари курагини ерга теккизиб турнир ғолиблигини тантана қилди. Иккинчи ва иккита учинчи ўринлар руминиялик Илие-Даниэль Натеа, ўзбекистонлик Муҳаммадкарим Хуррамов ва польшалик Каспер Шчуровскийга насиб этди.

Тадбир спорт беллашувлари билан чекланмасдан, унинг доирасида Ўзбекистон ва Италия санъат усталари томонидан маданий дастур тақдим этилди. Шунингдек, ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари бурчаги ташкил этилди.

Мазкур мусобақа Италия оммавий ахборот воситаларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Жумладан ушбу мамлакатнинг етакчи "Il Messaggero", "Il Metropolitano", "Nova News", "Il Giornale d’Italia" газеталари ва Лацио вилоятининг "Lazio TV" телеканалида туркум материаллар эълон қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида Кураш миллий спорт тури тарихда илк бор 18-ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилган.

Шу билан бирга, 2023 йилдан бошлаб, Ўзбекистон кураш федерацияси ташаббуси билан Халқаро кураш ассоциацияси календарь режасига Ўзбекистон Президенти соврини учун жаҳон профессионаллар серияси (WORLD SERIES PRO) халқаро турнири ўтказилиши киритилиб, дунёнинг барча қитъаларида мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Италия мезбонлик қилган навбатдаги кураш мусобақаси икки мамлакатни спорт ва маданият жиҳатидан ўзаро танишишига имконият яратишга ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!