Қозоғистон – исломий молия бўйича Марказий Осиёда етакчи

Қозоғистон – исломий молия бўйича Марказий Осиёда етакчи

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон ислом молиясидан фойдаланиш бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Минтақадаги барча исломий молиянинг 68 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келмоқда, дея хабар қилди "Анадолу" агентлиги.

Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси ўринбосари Олжас Кизатов мамлакатда исломий молия сектори сезиларли ривожланиши кутилаётганини айтди.

“Исломий молияни ривожлантириш учун классик банклар томонидан яратилган исломий дарчалар доирасида операцияларни амалга ошириш ва ислом банкини анъанавий банкка айлантириш имкониятини яратишни режалаштирмоқдамиз”, - дея тушунтирди у.

Кизатовнинг қўшимча қилишича, айни пайтда мамлакатда иккита ислом банки фаолият юритмоқда.

Ислом тараққиёт банки институти бош директори в.б. доктор Сами Ал-Сувайлим сўнгги 30 йил ичида жаҳон ҳамжамияти дуч келган йирик иқтисодий инқирозларга эътибор қаратди.

“Бу инқирозлар ҳукмронлик қилаётган молия тизимида жиддий муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Шунинг учун одамлар ғарбдан шарққа қадар ҳамма жойда муқобил йўл изламоқда. Бу дунёда исломий молияга қизиқиш ортиб бораётганининг муҳим сабабларидан биридир”, деди у.

Ал-Сувайлим ислом молиясининг Марказий Осиё минтақасига қўшган ҳиссасини қайд этди.

“Ислом молиясининг асосий мақсадларидан бири қашшоқликка қарши курашиш ва реал иқтисодиётга хизмат қилишдан иборат. Марказий Осиё мамлакатлари кўплаб соҳаларда катта ресурслар ва салоҳиятга, иқтисодий имкониятларга эга. Шунинг учун биз исломий молия минтақага ўз ресурсларидан фойдаланишга, салоҳиятни очишга ва минтақада барча учун фаровонлик яратишга ёрдам беради, деб ишонамиз”, — деди у.

Ҳамкорлик молияси деб ҳам аталадиган исломий молиянинг улуши 2024 йил бошида жаҳон бозорида 4 триллион долларга, жаҳон банк секторидаги активлар эса 2 фоизга етди.

Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) томонидан эълон қилинган ҳисобот маълумотлари ҳам бундан далолат беради.

Ҳозирда ислом банклари 40 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритмоқда. Исломий молия сектори Форс кўрфази мамлакатлари ва Жануби-Шарқий Осиёда, шунингдек, Европа ва Шимолий Африкада фаол ривожланмоқда.

Европада Британия ҳалол молиялаштириш бўйича етакчи ҳисобланади. Бу ерда ислом банки активлари ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этади.

Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон каби мамлакатларда эса исломий молия сектори эндигина пайдо бўлмоқда.

Бу мамлакатларда ислом молиясининг улуши 0,2 фоиздан 1,5 фоизгачани ташкил этади, бироқ экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида исломий молияни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, келажакда бу сектор ўсишини таъкидламоқда.

Европа тараққиёт банки директорлар кенгаши раиси ўринбосари Руслан Даленовнинг "Анадолу" агентлигига маълум қилишича, ҳисоб-китобларга кўра, 2027 йилда ислом молиясининг дунёдаги улуши 6,7 трлн долларгача ошади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!