Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловларда иштирокига оид ҳуқуқлари кафолатланади

A A A
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловларда иштирокига оид ҳуқуқлари кафолатланади

Мамлакатимизда 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар сони 941 минг нафарни ташкил этади. Бу умумий аҳолининг 2,6 фоизи, деганидир. Бу тоифадаги инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юзага чиқариш долзарб аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилинган.

Мазкур қонун лойиҳасида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ «муомала» ва «оқилона мослаштириш» каби тушунчалар киритилиб, уларга таъриф берилмоқда. Шунингдек, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқига оид норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг бошқалар билан тенг равишда жамият ва давлат сиёсий ҳаётида, яъни сайлов ва референдумларда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш борасидаги ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Таклиф этилаётган янги нормалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга ҳамда ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларидан сўнг биринчи ўқишда қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!