Макрон Mirage 2000 ҳарбий самолётларини Киевга топширишга тайёрлигини эълон қилди

Макрон Mirage 2000 ҳарбий самолётларини Киевга топширишга тайёрлигини эълон қилди

Франция Украинага бир қатор модернизация қилинган Mirage 2000-5 қирувчи самолётларини етказиб бериш ниятида, деди Франция президенти Эммануэл Макрон 6 июн, пайшанба куни Франциянинг TF1 ва France 2 телеканалларига берган интервюсида. «Улар Украинага ўз ҳудуди ва ҳавосини ҳимоя қилишга имкон беради», деди у украиналик учувчилар 2024 йил охиригача Mirage’дан фойдаланиш учун Францияда тайёргарликдан ўтишлари мумкинлигига аниқлик киритиб. Франция президенти ҳозирча қирувчиларнинг аниқ сонини маълум қилгани йўқ.

Бундан ташқари, Макрон яна 4500 нафар украиналик ҳарбийни Францияда ўқитишга ваъда берди. У, шунингдек, Украинага француз ҳарбий инструкторларини юборишга тайёрлигини тасдиқлади ва «биз жанговар зонада аскарларни тайёрлаш ҳақида гапирмаяпмиз», шунинг учун бу «эскалацияни англатмайди», деди.

Маълумот учун, Франция ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий жанговар самолёти Mirage - 1970-йилларда Dassault Aviation томонидан ишлаб чиқилган тўртинчи авлод кўп мақсадли қирувчи самолётдир. Франциядан ташқари, 1984 йилдан бери у Осиё, Европа ва Лотин Америкасидаги бир қанча мамлакатларда бор. Украинага етказилиши режалаштирилган Mirage 2000-5 версияси 1990-йилларда энг яхшиларидан бири ҳисобланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!