Конлардаги 727,37 минг метр куб йўлдош сувлар махсус қудуқлар орқали ер ости қатламига қайтарилди

Конлардаги 727,37 минг метр куб йўлдош сувлар махсус қудуқлар орқали ер ости қатламига қайтарилди

Конларда ҳосил бўлган сувни қайта қатламга қайтариш муҳим экологик ва иқтисодий вазифа бўлиб, сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий технологиялари ва усулларини жорий этишни тақозо қилади. Бундай чора-тадбирларнинг асосий мақсади атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва конлар фаолиятини оптималлаштиришдир.

Биласиз, нефт ва газни қазиб чиқариш жараёнида қатламдан катта ҳажмдаги сув ажралиб чиқади. Бу сувлар турли хил кимёвий моддалар ва тузларни ўз ичига олади. Улар тўғри йўқ қилинмаса, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Энг кенг тарқалган ва самарали усул бу ҳосил бўлган сувни қатламга қайта қуйишдир. Бу усул тозаланган сувни махсус жиҳозланган қудуқлар орқали ер ости горизонтларига қайтаришни назарда тутади. Қайта қуйиш резервуар босимини ушлаб туришга ва сирт ифлосланиш хавфини камайтиришга ёрдам беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, объектларда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Муборак ва Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига қарашли конларда газ қазиб олиш ва уларни дастлабки тайёрлаш технологик жараёнлари даврида ажралиб чиқадиган йўлдош оқова сувларни қайта ер ости қатламига ҳайдашга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг ярим йиллигида Республика Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида Бошқармалардаги 727,37 минг метр куб йўлдош сувлар махсус қудуқлар орқали ер ости қатламига қайта ҳайдалди.
Келгусида яна 10 та кондаги йўлдош оқова сувларини махсус қудуқлар орқали ер остига ҳайдаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ижобий экспертиза хулосалари ва лисензиялар олиш ишлари бажарилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар газ қазиб олишнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлашнинг муҳим чорасидир. Энг муҳими атроф-муҳитга етказилган зарарни минималлаштириб, ер усти ва ости сувлари ифлосланишининг олдини олиш, техноген авариялар хавфини пасайтириш орқали экологияга салбий таъсирни камайтиради. Бундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нефт-газ саноатини барқарор ривожлантириш, табиий ресурсларни муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!