Инфарктдан кейинги реабилитация: Қандай тавсияларга амал қилиш керак?
Юртимизда “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар бергандик. Ундан аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларини барвақт аниқлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий хизматларни янги босқичга олиб чиқиш орқали эрта ўлим ҳолатлари ва ногиронликни камайтириш, беморларни соғломлаштириш билан боғлиқ қатор устувор вазифалар ўрин олган.
❓ Шунингдек, лойиҳада ушбу хасталикларни реабилитация қилишни яхшилашга доир устувор чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Хўш, бу нечоғлик муҳим?
💬 — Инфаркт — ҳаёт учун хавфли касаллик, — дейди Миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидов. — Бироқ уни самарали даволаш хатар бутунлай ортда қолганини англатмайди. Шу сабабли бундай хасталикка чалинган юртдошларимиз шифохонадан зарур муолажаларни олиб уйга қайтгач, аввало, диспансер назоратига олинади. Чунки юрак хуружи асоратлари организмнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Албатта, бу миокарднинг зарарланиш майдонига боғлиқ.
🫀 Бундай беморларда кўпинча юрак ритми бузилиши кузатилади. Миокард некрози ва чандиқ ҳосил бўлиши туфайли юракнинг қисқариш қобилияти пасаяди. Натижада ушбу аъзо етишмовчилиги ривожланади.
Юракнинг кўп шикастланиши ва катта чандиқлар ҳисобидан чап қоринча аневризмаси пайдо бўлиши мумкин. Бу патология юрак фаолиятини ёмонлаштиради, тромб ҳосил бўлиши эҳтимолини оширади. Шу боис юрак хуружидан сўнг уй шароитида реабилитация қоидаларига қатъий амал қилиш муҳим.
💊 Аввало, шифокор томонидан буюрилган дори-дармонлар, хусусан, қон босимини туширувчи, қон ивишининг олдини олувчи, холестерин миқдорини пасайтирувчи препаратлар ўз вақтида ва белгиланган миқдорда қабул қилиниши шарт. Ҳар ойда кардиолог кўригидан ўтиб туриш керак.
🚶🏻Беморнинг бутунлай соғлом ҳаётга қайтиши учун жисмоний фаоллик ҳам талаб этилади. Масалан, хаста киши шифохонадан уйга қайтган дастлабки ҳафталарда кунига 10-15 дақиқа пиёда юриши мақсадга мувофиқ.
📈 Бу юклама бемор ҳолатига қараб, шифокор кўрсатмасига биноан, босқичма-босқич ошириб борилиши мумкин. Ушбу жараёнда велотренажёр, енгил жисмоний машқлар ҳам фойдали эканлигини эслатмоқчимиз.
🥙 Реабилитация даврида шўр, ёғли, холестерин ва глюкозага бой маҳсулотлар, газланган ичимликлар, қовурилган таомлар истеъмол қилишдан тийилиш лозим.
❌ Чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш юракни янада заифлаштириб, такрорий инфаркт хавфини икки баробар оширишини, қабул қилинаётган дори-дармонлар таъсирини пасайтиришини унутмаслик керак.
➡️ Инфарктдан кейинги даврда имкон қадар стресс, қўрқув, тушкунлик ва хавотир ҳиссидан сақланишга ҳаракат қилиш зарур. Бу тавсияларга амал қилиш хавфли касалликни бутунлай енгиб, соғлом ва узоқ умр кечиришни таъминлайди.
