Миграция ва персоналлаштириш соҳаси рақамлаштирилади
“Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–14-сон, 19.01.2026 й.) қабул қилинди.
📋 Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан жисмоний шахсларга идентификaцияловчи ID карталар 1-маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади.
🏛 Департамент жисмоний шахсларнинг қуйидаги марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади:
🔸 чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотлар;
🔸 идентификaцияловчи ID карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган санаси ва тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;
🔸 Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
🔸 Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
🔸 Ўзбекистонга таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги, шунингдек, уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
📜 2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги давлат хизматларини ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади:
▪️ хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш;
▪️ фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш.
