Глобал Британия

Глобал Британия

Ўтган дам олиш кунлари Мюнхенда бўлиб ўтган Европа хавфсизлик конференциясида, ушбу форумда олдин доимо иштирок этган Британия ҳукуматининг бир қатор кўзга кўринган вазирларининг келмаганини кўплаб оммавий ахборот воситалари таъкидлаб ўтишди. Бу ҳолатни таҳлил қилиш ва бунга тушунтириш беришлар турли хил бўлди. Чунки расмий тушунтириш кўпларни қониқтирмади, улар одатдаги кун тартибидаги муаммоларга таяниб қўяқолдилар. Бу эса жуда ишонарсиз чиқди.

 

Британия ажралишни бошладими?

 

Британия вазирларининг бу форумда бўлмаслигини кўплаб таҳлилчилар “Глобал Британия” деб номланган ҳукумат шиорини ишлаб чиққан Борис Жонсоннинг “Кулранг кардинали” бўлмиш Доминик Каммингс билан боғлашмоқда. Доминик Каммингс -Британиядаги энг кўзга кўринган политтехнологлардан бири, у Борис Жонсон партиясининг сайловлардаги ғалабасига катта ҳисса қўшган.

 

Буюк Британияда ёки бошқа бир қатор мамлакатларда, сайловда муваффақиятга эришишнинг муайян кафолатлари билан қатнашишга имкон берадиган маслаҳатчилардан фойдаланиш қонунийдир.

 

“Хавотирга соладиган нарса шундаки, маслаҳатчи нафақат ўз мижозининг сайловда ғалаба қозонишини, балки тарихда муҳим ўрин эгаллашини ҳам истайди. Бундай ҳолда келажакка ташвиш билан қараш учун сабаблар бор, чунки кимдир тарихда қолишни истаса, буни одатда тарихнинг ҳисобидан амалга оширади, чунки ўтмиш таълимотлари унинг учун жуда оз аҳамиятга эга”.

 

Бу фикр, Кембриж университетининг халқаро алоқалар тарихи профессори Брендан Симмснинг “Минг йиллик зиддият ва ҳамкорлик” китобидан олинган. Симмс Британия тарихининг, хусусан ҳозирги замонининг ҳам кучли билимдонидир. 2015 йилда нашр этилган ушбу китобда, Буюк Британиянинг Европа билан сўнгги минг йилликдаги муносабатлари эркин ва яхши далиллар билан тўлдирилган услубда тақдим этилган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу китоб Brexit дан бир неча йил олдин чиққан, тарихчилар нафақат ўтмиш ҳақида, балки келажак ҳақида ҳам сўзлашлари мумкин.

 

Сўзда бор — амалда йўқ.

 

Қолганлар эса бу келажакни кўришни хоҳламадилар, эҳтимол Британия Бош вазирларининг евроинтеграцияга қарши маълум бир анъанаси бор, айниқса Эдвард Хит давридан бери консерватив партияда. Британиянинг Европадан алоҳида эканлиги ҳамиша таъкидлаб келинган аммо ҳеч қачон бу учун амалий ишлар қилинмаган. Ҳатто Маргарет Тетчер 1988 йилда Брюгге коллежида сўзлаган Брюссел бюрократларига қарши Британия суверенитетини ҳимоя қилишга қаратилган нутқига қарамай, бу уринишларга қўшилмади. Шунингдек, консерватор Жон Мейжор, Британия ташқи сиёсатида анъанавий бўлганидек, ҳукуматлараро ҳамкорлик модели ва интеграцияга қарши урғу берган бўлса ҳам, Буюк Британияни ЕИнинг асосий ядросига қўйишни хоҳлади. Кейин Тони Блер келди, унинг даврида европалаштириш дозаси ошиб кетди. Блер ҳатто Европа Иттифоқининг марказий ва шарқий Европагача кенгайишининг асосий меъморларидан бири эди. Аммо Симмснинг таъкидлашича, лейбористлар жиддий хатога йўл қўйган, менинг фикримча бу хато, нафақат Буюк Британияга, балки Европа Иттифоқига ҳам катта зарар келтирди. Тони Блер Ироқдаги урушда Буш маъмуриятини қўллаб-қувватлашни афзал кўрди, бу эса Европада бўлинишга олиб келди чунки франко-герман ўқи Ироқ урушига аралашувга қарши эди. Ушбу тафовут Лондонни Европа Иттифоқининг марказидан узоқлаштиришга олиб келди. Китобда Симмс бу ҳақида гапирмайди, лекин мен бу хатога фақат Блер сабабчи бўлганми ёки Париж ва Берлин томонидан атайлаб кескин қаршилик қилинмаганлиги, ҳудудни белгилаш ва британияликларни минтақадан сиқиб чиқариш учун ишлатилганми, деб сўрашга журъат этаман.

 

Лейбористлар партиясидаги ички курашлар оқибатида 2007 йилда Тони Блер истеъфога чиқди, кейин 2008 йилдаги молиявий инқироз бошланди, унда Буюк Британия фунтни муддатидан олдин тарк этмагани учун енгил нафас олиши мумкин эди. 2010 йилда консерваторларнинг ғалабаси кафолатланди, лекин европапарастлар хотиржамликни сақлаб қолишган, чунки Девид Камероннинг партияси мутлақ кўпчиликка эга эмасди.

 

Вақт сотиб олиш сиёсати.

 

Брендан Симмснинг таъкидлашича, Тори партиясининг депутатлари сафида евроскептик депутатлар сони кўпайган. Бу энди Эдвард Хитнинг классик консерватив партияси эмас. Тетчер ҳам, Девид Камерон ҳам вақт сотиб олувчилар эди холос, яъни улар Европа билан муносабатларнинг статус-квосини ўзгартиришни истамаган ва буни иложи борича ортга суришган. Бу зерикарли жараён, эҳтимол бошқа омил бўлмаганда эди, масалан Жереми Корбиннинг лейбористлар лидерига айланиши, Brexit жараёни бу даражада оммалашиб кетмасди. Лейбористларнинг янги лидери Жереми Корбин азалдан ишончли евроскептик эди. Аслида, Корбин 1975 йилдаёқ Жеймс Каллаганинг лейборист ҳукумати томонидан ўтказилган референдумда ҳам Европага қўшилмаслик ҳақида ўз хоҳиш-иродасини намойиш этган. Европанинг умумий бозорида, капитализмнинг хавфли воситасини кўрган урушдан кейинги классик сўл қанот сиёсатчиси катта саҳнага қайтди. Бу жараёнлар ҳақида Брендан Симмс, қишлоқ ва шаҳар овозлари, ёш ва кекса одамларнинг овоз бериш психологияси ҳақидаги одатий тушунтиришлар билан бир қаторда, кенгроқ тўхталиб ўтган.

 

Шундай қилиб, аввало сўлчилар томонидан илгари сурилган ғоя, охир оқибатда Консерватив партия учун ҳокимиятни забт этишда асосий сиёсий восита бўлди. Аммо, Борис Жонсоннинг Британия билан Европа муносабатларида мутлақ янги бурилиш ясаганига ишониш — адолатсизликдир. Жонсон Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан бери Германияда қолган Британия қўшинларининг чиқиб кетишини эълон қилган сиёсатчи-Дэвид Кемероннинг издоши. Жонсон ҳам шу йўналишни давом эттиради, деб бежиз айтилмаган. Масалан Кемерон даврида Германиядаги Британия ҳарбий контингентининг доимий ишлаши 2035 йилгача режалаштирилган эди, аммо хозир 2020 йил сўнгига қадар аниқ чекиниш амалга оширилиши маълум қилинди.

 

Ҳали барчаси аниқ эмас

 

Брендан Симмс, нима учун Буюк Британия Украинадаги можаролардан ташқарида қолгани ҳақида кўп фикрлар юритади аммо аниқ бир тўхтамга келмайди. Буюк Британиянинг чегараси энди ХХ асрнинг бошқа даврларида бўлгани каби Рейн дарёси ёки Шарқий Европа бўйлаб ўтмайди. У энди Brexit сабаб Дуврга қайтиб келди. Фақат шу фактни билганимиздан кейингина Англия нима учун 2014 йилдан бери Украинадаги можаронинг ташқарисида қолишини тушуниш мумкин, Россия ва Украина ўртасидаги воситачилик ишлари фақат Франция ва Германия томонидан Норманд квартетида олиб борилиши эса, Европанинг ҳам минтақадаги муаммони ҳал қилишда Британиясиз ҳаракат қила олишини кўрсатиш деб ўйлайман.

 

Шу билан бирга Брендан Симмс ўз китобида, Британияни анъанавий равишда “Вестфалия тинчлик шартномаси”дан ҳимоя қиладиган, Европа қитъасидаги мувозанат сиёсатини ўрганади. Наполеон ёки йигирманчи асрнинг биринчи ярмида Германия томонидан бу мувозанат бузилган бир пайтда, инглизлар ўз тинчлиги хавф остига қўйилгани сабабли,ўзларини бунга аралашишга мажбур деб ҳисобладилар. Албатта ҳозирги таҳдидлар ҳарбий эмас, балки сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий характерга эга ва Симмс таъкидлаганидек, изоляцион сиёсат уларни юмшатишга ёрдам беради деган тасаввурлар йўқ. Бошқача қилиб айтганда, Европа лойиҳасининг муваффақиятсиз бўлиши, Буюк Британиянинг хавфсизлигига таҳдид солар эди.

 

Глобал Англия

 

Британиядаги ички сиёсат манфаатлари, Европа Буюк Британиясининг истиқболини шубҳа остига қўйди, энди унинг ўрнини глобал Буюк Британия эгалламоқчи. Аммо хавф шундаки, ўртада “глобал Англия” пайдо бўлиши мумкин, чунки Brexit, авваламбор, инглиз миллатчилигининг ғалабасидир, унда кўплаб шотландлар ва ирландлар ўзларини бемалол ҳис қилмайдилар. Бундан ташқари, бу миллатчилик глобал миқёсда бўлиши учун, у албатта АҚШнинг тўлиқ иштирокини талаб қилади. Кўп нутқлар Черчилл ва Рузвелтга ёки Тетчер ва Рейганга мурожаат қилинган ҳолда айтилиши мумкин, аммо манфаатлар учун фақат риториканинг ўзи хизмат қилмайди.

Manba: uza. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!