Тошкент вилоятида ноқонуний ов қилиб юрганларга чора кўрилди

Тошкент вилоятида ноқонуний ов қилиб юрганларга чора кўрилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги назорат инспекцияси ҳамда Тошкент вилояти бошқармаси инспекторлари томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.

Олмалиқ тумани, «А.Қодирий» маҳалласи ҳудудида ўтказилган назорат тадбири давомида ов қуроллари билан юрган овчилар аниқланди. Текширув давомида эса уларда ов учун махсус рухсатномалар йўқлиги ва ноқонуний ов қилиб юрганликлари маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан икки нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳар бир ҳуқуқбузарга БҲМнинг 10 баробари — 3 миллион 400 минг сўм миқдорида жаримага белгиланди.

Маълумот учун, ов қилиш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, фуқароларга БҲМнинг 10–15 баравари (3 миллион 400 минг – 5 миллион 100 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 15–20 баравари (5 миллион 100 минг – 6 миллион 800 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 15–20 баравари (5 миллион 100 минг – 6 миллион 800 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 20–30 баравари (6 миллион 800 минг – 10 миллион 200 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Бу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида учинчи марта содир этилса, шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 20–25 баравари ((6 миллион 800 минг – 8 миллион 500 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 30–40 баравари (10 миллион 200 минг – 13 миллион 600 минг сўм) миқдорида жарима солишга ёхуд уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!