Гиёҳванд модда сотган 16 ёшли қиз қамалди

Гиёҳванд модда сотган 16 ёшли қиз қамалди

Гиёҳвандлик шундай балоки, у нафақат таназзулга етаклайди, балки жамиятдаги тинчлик-тотувлик, хотиржамликка путур етказади. Шунинг учун бу иллат қораланади, унга қарши муросасиз кураш олиб борилади.

Хусусан, мамлакатимизда ҳам гиёҳвандлик, наркотик моддалар савдоси, унинг ҳар қандай турини етиштириш ва сақлаш каби ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиб, жиноятга жазонинг муқаррарлиги, қонун устуворлиги таъминлаб келинмоқда. Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида бу йўналишдаги жиноятларга чек қўйилмоқда.

Афсуски, бу иллат ўз домига эндигина ҳаётга қадам қўяётган вояга етмаган ёшларни ҳам тортаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.

2024 йил 17 январь куни соат 14:00 ларда, Марғилон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «Назорат харид» тадбири давомида 2007 йилда туғилган вояга етмаган К.Ш ўзи яшаб келган Марғилон шаҳар, "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини, Қўрғонтаги тор кўчасидаги яшаш хонадони олдида «махсус харидор»га 6.26 грамм "гашиш" гиёҳвандлик моддасини 1 миллион сўмга сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган ҳамда «махсус харидор»дан Ш.К томонидан сотилган «гашиш» гиёҳвандлик моддаси ва Ш.К дан эса 1 миллион сўм тадбирда ишлатилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

Шунингдек, тадбир давомида Ш.К ўз ихтиёри билан яшаш хонадонида қонунга хилоф равишда ўтказиш учун сақлаб келаётган бир дона елим идишга солинган 6 бўлак, тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли «гашиш» гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани топширган ва ушбу модда ашёвий далил тариқасида олинган.

Ш.К.га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида халқ маслаҳатчилари Х.Усмонов ва М.Касимовдан иборат таркибда кўриб чиқиб, барча ҳолатларни чуқур ўрганиб, ишнинг ҳолатига қонуний баҳо бердик.

Суд Ш.К.га нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо яъни 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Тайинланган жазони тарбия колонияларида ўташи белгиланди.

Халқимиз ичида гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг пайини қирқиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси деб ўйлайдиганлар жуда катта хато қилади. Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.

Музаффаржон Мараҳимов,

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!