Ғазода бошқа борадиган жой қолмади – БМТ
![Ғазода бошқа борадиган жой қолмади – БМТ Ғазода бошқа борадиган жой қолмади – БМТ](/photos/news/tVEdHaPevbfAlBN.jpeg)
Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида 1 миллиондан ортиқ аҳоли тасаввур қилиб бўлмайдиган азоб-уқубатларга дуч келди. Ғазода бошқа борадиган жой қолмаган. Бу ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс маълум қилди.
У Исроил армиясининг Рафаҳ ҳудудига қилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужуми ҳақида фикр билдирди.
“Кўчалар миналар билан тўлдирилган, маҳаллалар бомбардимон қилинган. Бир неча ойлар давомида тинч аҳоли бомбалар, озиқ-овқат танқислиги ва касаллик шароитида кўчиб ўтишга мажбур бўлди”, дейди Гриффитс.
“Улар қаерга боришлари мумкин? Қандай қилиб улар хавфсиз қолишлари мумкин? Ғазода бошқа борадиган жой йўқ”, деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили Ғазонинг тинч аҳолисини ҳимоя қилишга, уларни бошпана, озиқ-овқат ва тиббий хизматлар билан таъминлашга чақирди.
Аввалроқ Исроил бош вазирлиги идораси “Ғазо жанубида ҲАМАСнинг тўртта баталёнини йўқ қилмасдан туриб, уруш мақсадига эришиш мумкин эмас”, деб айтган эди.